Назарий ва амалий билимлар уйғунлиги
Қоровулбозор туман касб-ҳунар мактаби негизидаги Қоровулбозор туман политехникумида ёшлар нефть ва газни қайта ишлаш, мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси, нефть ва газни қазиб олиш ишлари каби йўналишларда, шунингдек, “пайвандлаш ишлари” мутахассислиги бўйича уч ойлик ўқув курсида таҳсил олмоқда.
Битирувчиларга мамлакатимизда тан олинадиган давлат намунасидаги диплом топширилади. Муассасада ўқиш муддати 2 йил бўлиб, тўлов контракт шартнома асосида. Политехникумни битирганларга малака сертификати берилиши баробарида ҳудуддаги нефть-газ бурғилаш корхоналарига ишга жойлаштирилади.
Қоровулбозор тумани политехникумининг компрессор қурилмалари машинисти мутахассислигида таҳсил олаётган 101 нафар ўқувчи ёшлар назарий олган билимларини Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш амалиётида мустаҳкамлашмоқда.


Ўқувчилар корхонанинг 1 ва 2-цех блокларида юқори ҳароратли нефть ва газ маҳсулотларини транспорт қилувчи компрессор ва насос қурилмалари фаолияти билан танишишди ва улардан фойдаланиш бўйича тушунтиришларга эга бўлди.
Бундан ташқари, ёш мутахассислар нефть ва газни қайта ишлаш соҳасидаги техник янгиланишлар, компрессорларнинг турлари, уларнинг тузилиши, қўлланилиш соҳалари ҳамда нефть ва газни қайта ишлаш учун резервуарлардан фойдаланиш бўйича кўникмаларни эгалламоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.