Назарий билимлар амалиётда мустаҳкамланди
Бугун сув хўжалиги соҳасида замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга, ташаббускор ҳамда малакали муҳандис кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Бундай мутахассисларни тайёрлашда назарий таълимни ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида дуал таълим дастури асосида ташкил этилган олти ойлик амалиётнинг якунланиши ҳам шу йўналишдаги ишлар самарасидир.
Мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 апрелдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида йўлга қўйилган.
— Дуал таълим — назарий билимни амалий тажриба билан уйғунлаштириб, талабани келажакдаги касбий фаолиятга тайёрлашнинг самарали тизимидир. Бу жараёнда ёшлар фақат аудиторияда билим олиш билан чекланмай, бевосита ишлаб чиқариш муҳитида меҳнат қилиш, соҳанинг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш ва касбий кўникмаларини шакллантириш имкониятига эга бўлишади. Айниқса, сув хўжалиги каби катта масъулият ва амалий тажриба талаб этадиган соҳада бундай ёндашувнинг аҳамияти беқиёс. Бизнинг мақсадимиз — назарий билимга эга бўлиш билан бирга, уни амалиётда қўллай оладиган, мустақил қарор қабул қилишга қодир ва замонавий талабларга жавоб берадиган муҳандис кадрларни тайёрлашдир, — деди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Обид Аҳматқулов.
Шу муносабат билан бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Обид Аҳматқулов ҳамда «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети профессори Н. Дурдиев иштирокида амалиётчи талабалар билан учрашув ташкил этилди.
Олти ой давомида талабалар Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг таркибий ташкилотларида амалиёт ўтаб, олий таълим муассасасида ўзлаштирган назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш имкониятига эга бўлдилар.
Жумладан, улар ирригация тизимларини бошқариш, сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, суғориш жараёнларини ташкил этиш, сув ҳисоби ва мониторингини юритиш, сув хўжалиги объектлари фаолиятини ўрганиш ҳамда замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этиш йўналишларида амалий тажриба орттирдилар.
Соҳа мутахассислари билан ҳамкорликдаги машғулотлар давомида талабалар ишлаб чиқаришдаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, касбий вазифаларни бажариш, иш жараёнларини ташкил этиш ва жамоа билан ишлаш бўйича муҳим кўникмаларни эгалладилар. Бу эса уларнинг келгусида касбий фаолиятга пухта тайёргарлик кўришида муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда олти ойлик амалиёт натижалари сарҳисоб қилиниб, талабаларнинг эришган ютуқлари ва фаоллиги алоҳида эътироф этилди. Билимга интилиши, ташаббускорлиги ва амалиётдаги фаол иштироки билан ажралиб турган уч нафар талабага Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарининг бир марталик стипендияси топширилди. Бошқа талабалар эса фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.

Мулоқот давомида ёшларнинг келгусидаги касбий фаолияти, олий таълим муассасасини тамомлаганидан сўнг сув хўжалиги тизимидаги ташкилот ва муассасаларга ишга жойлашиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва соҳада муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шароитлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Дуал таълимнинг асосий афзаллиги шундаки, талабалар назарий билимларни ўзлаштириш билан бирга, уларни ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш, касбий масъулиятни ҳис этиш ва реал иш шароитида тажриба орттириш имконига эга бўладилар. Натижада назарий билим амалий маҳорат билан уйғунлашиб, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрланади.
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан келгусида ҳам олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ва сув хўжалиги тизимини билимли, салоҳиятли кадрлар билан таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири