Наврўзга бағишланган мусобақа
Юртимизга яқинлашиб келаётган Наврўз шукуҳи дилларга шукуҳ, байрамона кайфиятни олиб кираётгани айни ҳақиқат. Ҳудудларда яшариш ва янгиланиш шодиёнаси муносабати билан байрам сайиллари, спорт мусобақалари, турли тадбирлар ўтказилмоқда. Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши ҳамкорлигида умумхалқ байрами – Наврўзи оламга бағишлаб спортнинг мини футбол тури бўйича мусобақа уюштирилди.
"Спортни сев, спорт билан яша” шиори остидаги мазкур мусобақада МИБ вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ходимларидан иборат 14 та жамоа куч синашди. Давлатобод туманидаги 1-сонли футбол мактабига қарашли сунъий қопламали майдонда бўлган баҳсларда ҳар бир ўйин қизғин курашлар остида кечди.

Айниқса, ярим финалга етиб келган бошқарма, Наманган шаҳри, Учқўрғон ва Мингбулоқ туманлари жамоалари ўртасидаги беллашувлар муросасиз бўлди. Финалда эса ўтган йилги турнир “сценарий”си такрорланди. Яъни, бир-бирига тўқнаш келган МИБ вилоят бошқармаси ва Бюронинг Учқўрғон тумани бўлими жамолари бу галги мусобақада ҳам асосий соврин учун яшил майдонга чиқди.

Ҳал қилувчи ўйинда 4:2 ҳисобида зафар нашидасини сурган МИБ Наманган вилояти бошқармаси жамоаси ғолибликликни қўлга киритди. Мағлубият аламини тотиб кўрган Бюронинг Учқўрғон тумани бўлими иккинчи ўрин билан чекланди. Фахрли учинчи ўрин Мингбулоқ тумани жамоасига насиб қилди.
Мусобақа якунида ғолиб жамоалар ҳамда энг яхши дарвозабон, ҳимоячи ва ҳужумчилар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА