Наврўзга бағишланган кўргазма
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида рангтасвирчи рассом Лиана Алмяшеванинг Наврўз байрамига бағишланган “Тасвирларда мужассам сийрат” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Кўргазмада рассомнинг 70 га яқин энг сара ишлари намойиш қилинмоқда.
Лиана Алмяшева 1984 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ижодкор 2007 йилда К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг бакалавриат, сўнгра эса магистратурасини муваффақиятли тамомлаган. У 2007 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Рассомнинг асосий усули мой бўёқ, акрил. Жанрлари эса манзара, натюрморт, портрет, сюжетдир.
Лиана Алмяшеванинг асарлари дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, АҚШ, Япония, Буюк Британия, Голландия, Канада, Австралия, Россия, Беларусь, Латвия, Польша, Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Германия каби давлатларнинг шахсий коллекцияларида сақланади.
Лиана Алмяшева бошқа ижодкорлар каби табиатни яхши кўради. Унинг “Булоқ”, “Хумсон”, “Угам”, “Куз лаҳзалари”, “Кузда қиш” номли асарларида ўлкамизнинг гўзал ва баҳаво жойларидан баҳра олиш, фасллар ўзгаришига муносабат кўзга ташланади. Лиананинг ижодида турмуш ўртоғининг ўрни жуда муҳим. К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат ходими Шуҳрат Абдумаликов аёлининг энг биринчи мухлиси, устози ва танқидчисидир.
[gallery-1615]
Рассомлар оиласи санъат ихлосмандларига ўзларининг ажойиб асарларини тақдим этиб келмоқда.
Кўргазма жорий йилнинг 27 мартигача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА