Наврўз шукуҳи
Бухоро давлат университетида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида умумхалқ сайли бўлиб ўтди. Сайлда хорижлик меҳмонлар, Бухоро шаҳар ҳокимияти вакиллари, миллий гвардия, вилоят олий таълим муассасалари ректорлари ва вакиллари, университетнинг профессор-ўқитувчилари, ишчи-ходимлари, талабалар, уларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Университетда байрам шукуҳи ўзгача. Ўзаро ҳамжиҳатлик, шукроналик айёми муносиб тарзда бошланди. Сайл тантанавор тарзда Санъатшунослик ва педагогика факультети тўгарак иштирокчилари томонидан қадриятларимиз гултожи Наврўз айёмини мадҳ этувчи куйлар ижроси билан бошланди.
[gallery-22337]
Урф-одат ва анъаналаримиз акс этган декорациялар, миллий либослар, ҳунармандчилик, талаба ёшлар ижодий намуналар, турли суратлар кўргазмаси, фольклор дасталар тайёрлаган миллий рақс ва куй қўшиқлар иштирокчиларга манзур бўлди.
“Келин салом”, “Суз хотин” қўшиғи ижроси, сурхонча, самарқандча, бухороча рақслар, ўлан, лапар, айтишувлар ижроси бетакрор меросни яна бир карра жонлантирди.
Шунингдек, сайлда арқон тортиш, тош кўтариш, кураш, теннис, шахмат, шашка каби спорт мусобақалари ташкил этилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари