Наврўз қишлоғимизда қандай нишонланади?
Юртимизга мавсумлар келинчаги баҳор келди.
Замин уйғонмоқда. Баҳор келиши билан она табиатда неки тирик жон борки, ҳаракатга тушиб қолади. Айниқса, бобо деҳқонларимиз, миришкор боғбонларимизнинг юмушлари янада кўпаяди. Улар ерга барака уруғини сочади, мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазади.
Ҳақиқатан ҳам биз ҳаётимизни баҳорсиз, Наврўзсиз тасаввур қилолмаймиз. Нафақат табиат, балки ўзимиз ҳам янгиланамиз бу фаслда. Бир сўз билан айтганда, Наврўз – янгиланиш, яшариш, қуриш ва яратиш фаслидир.
Ҳа, мамлакатимизда Наврўз шукуҳи кезмоқда. Бу йилги яшариш ва янгиланиш байрами – Наврўз “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланади.
Қишлоғимиз Нурота туманининг энг чекка ҳудудларидан бири. Вилоят марказидан қарийб 120 километр узоқликда жойлашган. Ҳар йили Наврўз байрами қишлоғимизда “Йил боши” сифатида нишонланади. Ёшу қари, эркагу аёл, хуллас, барча-барча очиқ майдонга тўпланиб, байрам қилади. Дошқозонда ош дамланиб, ўйин-кулги қилинади. Шу куни қишлоқда жойлашган ўрта мактаб ўқувчилари ўз санъатини намойиш қилади. Яъни ўқувчилар ўз билим ва қобилиятларини қишлоқ аҳли олдида имтиҳондан ўтказади.
Тадбир аввалида қишлоқ оқсоқоли ва унинг 4 нафар ёрдамчиси Наврўздан Наврўзгача бўлган давр мобайнида қишлоқда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот беради. Қишлоқдошлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришади. Агарда улар оқсоқол ва унинг ёрдамчилари хизматидан рози бўлишса, яна бир йилга қайта сайлашади. Акс ҳолда янги номзодлар тавсия этилади. Номзодлар кўрсатиш очиқ усулда амалга оширилади ва очиқ овоз бериш орқали сайланади. Қайси номзод кўп овоз олса, ўша қишлоқ оқсоқоли этиб сайланади. Худди шундай унинг ёрдамчилари ҳам сайлаб олинади ва бир йил давомида қишлоқнинг тўю маъракаси, амалга ошириладиган барча ишлари ана шу оқсоқоллар маслаҳати билан амалга оширилади.
Кексаларнинг дуоси билан янги оқсоқоллар ишга киришади ва барча ташкилий ишларни ўз назоратига олади.
Яна бир байрам анъанаси бор. Бу ҳанузгача сақланиб қолган. Ҳар байрамда турли спорт мусобақалари ташкил этилади. Ҳар бир спорт туридан камида 8-10 та жамоа куч синашади. Ва, албатта, мактабнинг ўқитувчи-ўқувчиларидан алоҳида жамоа тузилади.
Мусобақалар якунида барча ғолиб ва совриндорлар ютуқни мактаб жамоасига топширишади. Чунки мукофотга спорт анжомлари, тўпламлари қўйилади ва мактаб фондига ҳадя этилади. Бу ҳам мактабни спорт жиҳозлари билан таъминлашнинг бир усули-да.
Анъана эса мана бир неча ўн йилдирки, давом этмоқда.
Хуллас, ҳар йили Наврўз байрами қишлоғимизда ана шундай нишонланади.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири