Наврўз арафасида Яшил диёр маҳалласида ҳашар
“Юрт ободлиги, аввало, маҳаллада бошланади!” шиори остида мамлакатимизда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги Яшил диёр маҳалласида ҳам кўтаринки руҳда бошланди.
Мазкур маҳаллада бугунги кунда 4 минг 465 нафар аҳоли истиқомат қилиб, жами 1 минг 139 та хонадон мавжуд. Ободонлаштириш ишларида маҳалла аҳолиси, ёшлар ва фаоллар бир ёқадан бош чиқариб иштирок этмоқда.
Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Шерзод Бўриев бошчилигида ўтказилган умумхалқ ҳашарида маҳалла аҳолиси, ёшлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, маҳалла еттилиги аъзолари, Ободонлаштириш департаменти ходимлари, электр тармоқлари мутахассислари ҳамда йўлсозлар фаол қатнашди.
Ҳашар давомида бириктирилган ҳудудларда мева ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, маҳалла кўчалари тартибга келтирилди. Ариқ ва сув йўллари тозаланди, атроф-муҳитни обод қилишга қаратилган қатор амалий ишлар бажарилди. Шунингдек, муддати ўтган электр симлари янгисига алмаштирилиб, инфратузилмани яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-28125]
Йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам ҳашар доирасида амалга оширилди. Хусусан, 8,2 километр масофадаги носоз йўлларга қум-шағал ётқизилиб, аҳоли учун қулай ҳаракатланиш шароити яратилди.
Таъкидлаш жоиз, Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами арафасида ўтказилган бундай умумхалқ ҳашарлари нафақат маҳаллаларни обод қилиш, балки аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Яшил диёр маҳалласида амалга оширилган ишлар ҳам маҳалла аҳлининг она заминга бўлган меҳр-муҳаббати, юрт равнақи йўлидаги фидойилигининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари