“Навоийуран” ДК кончилари шарафланди
Зафаробод шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни касб байрами ҳамда “Зафаробод” кон бошқармаси ташкил этилганининг 55 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Тадбирда “Навоийуран” давлат корхонаси тизимида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган соҳа илғорлари, муҳандис-техник ходимлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик ва маҳалла фаоллари иштирок этди.

Унда “Навоийуран” давлат корхонаси Бош директори Джамал Файзуллаев, Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев сўзга чиқиб, бугунги кунда корхонанинг мамлакатимиз саноат салоҳиятини юксалтириш, иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, корхонада геология-қидирув ишлари, уран қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларига замонавий технологиялар, инновацион ечимлар ҳамда илғор ишлаб чиқариш ёндашувлари кенг жорий этилаётгани юқори самарадорликка хизмат қилмоқда.
Мазкур заминда дунёда илк бор уран қазиб олишнинг ер остида ишқорлаш усули амалиётга жорий этилиб, жаҳон кончилик саноати тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тантанали маросимда кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ раҳбарлар, муҳандис-техник ходимлар ва ишчилар муносиб рағбатлантирилди. Уларга “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, “Навоийуран фахрийси” унвони, корхонанинг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Байрам тадбири маданий-концерт дастури билан янада кўтаринки руҳда давом этди. Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли эстрада хонандаси Нилуфар Усмонова, шунингдек, “Ёшлик” маданият уйи ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси Навоий вилояти бўлинмаси бадиий жамоаларининг чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди
А.Бўриев, ЎзА мухбири