Навоийнинг мангу сабоғи
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган анжуман ўтказилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи ҳамкорлигидаги ушбу тадбир буюк мутафаккир бобомизнинг адабий, илмий меросини ўрганиш масалаларига бағишланган республика анжуманининг 66-йиғилиши сифатида ташкил этилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, шарқшунос олим Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, профессор Низомиддин Маҳмудов, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, истеъдодли шоир Нодир Жонузоқ ва бошқалар Алишер Навоий меросини ўрганишга бўлган эътибор тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 октябрда қабул қилган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида шу кунларда даҳо бобомизнинг таваллуд айёми баланд руҳда байрам қилинмоқда.
Айни пайтда шоир асарларини мукаммал тадқиқ этиш, китоб ҳолида чоп этиш, унинг хорижий мамлакатлардаги қўлёзмаларининг факсимиле нусхаларини юртимизга олиб келиш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 4 февралда қабул қилинган “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бобомиз меросини кенгроқ ўрганиш, тарғиб этишда янги имкониятларни очиши тайин.
[gallery-1028]
– Аслида баҳор февралдан, Алишер Навоий таваллуд айёми нишонланиши арафасида бошланади, десак муболаға бўлмайди, – деди Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Негаки, Навоий таваллуд кунларига тайёргарликдан бошлаб кўпчиликда жонланиш пайдо бўлади. Улуғ мутафаккир бобомиз туркий маданиятнинг, ўзбек тили, адабиётининг, маънавиятининг баҳорини бошлаб берган ижодкордир. Бугун юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари Навоий улуғлаган ғояларга ҳамоҳангдир. Шу билан бирга, глобал дунёда рўй бераётган воқеа ва ҳодисалар, мавжуд муаммолар эндиликда жаҳон Алишер Навоийга нечоғли катта эҳтиёж сезаётганини кўрсатмоқда. Сабаби, уларнинг ечими Навоий асарларида акс этган. Бугун юртда моддий камбағалликни бартараф этиш йўлида амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, маънавий қашшоқликни енгиш ҳам муҳимдир. “Ҳалоллик вакцинаси” – эзгулик, ростгўйлик, одамийлик сабоғи айнан Алишер Навоий асарларида мужассам экани эътиборга моликдир.
– Навоий ижодига муносабат наинки адабиёт, санъат, илм-маърифат, фанга, балки Ватанга, миллатга бўлган муносабатда ҳам акс этади, – деди Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти профессори, навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққул. – Шу сабабли ҳам бобомизга бағишланган тадбирлар ўзгача руҳда ўтмоғи керак. Ўз, ўзлик, мен, менлик каби масалалар Шарқда ўзига хос моҳият касб этади. Маълумки, инсоният ўзининг қабиҳлиги, ёвузлиги, ожизлигини англагунича кўп адашган. Тасаввуф ва тариқат пешволари барча ёмонликларнинг илдизи нафс эканини кўп айтишган. Алишер Навоий ҳам ўзликка йўлни ахлоқий тозалик, маънавий етуклик сари элтувчи энг оғир йўл, деб айтади. Ўзлик юкини енгиллатишни Яратган сари бориш билан боғлайди. Ўзлигидан куч-қувват ололмаган кимса борлиқдан, ҳеч нарсадан илҳомлана олмайди. Бугун янгича тафаккурли шахс ҳақида кўп айтилмоқда. Назаримда янгича тафаккурли шахснинг шаклланиши мумтоз адабиётда, Навоий асарларида мужассам.
– Шу кунларда бутун дунёда Навоий таваллуднининг 580 йиллиги кенг нишонланмоқда, – деди адабиётшунос олим Ҳамидулла Болтабоев. – Навоийнинг шеърият гулшани, унинг адабий мероси ўз хизмати, эзгу миссиясини ҳам давом эттирмоқда. 580 йил ўтса ҳамки, бу мероснинг оҳори, аҳамияти, долзарблиги ҳамон сақланган. Бобомизни наикни шоир, балки улуғ адабиётшунос олим сифатида ҳам ўрганмоғимиз даркор. Бу жиҳатлар алломанинг “Мажолис ун-нафоис”, “Мезон ул-авзон”, “Насойим ул-муҳаббат” сингари бебаҳо асарларида яққол кўзга ташланади.
Жонли, ҳам масофавий шаклда ўтказилган йиғилишда Озарбайжон, Тожикистон олимлари ҳам Навоий ижодига, ибратли фаолиятига оид ўз фикрларини билдирдилар. Жумладан, озарбайжонлик навоийшунос олима, профессор Олмосхоним Улвий Навоийнинг «Лисон ут-тайр» асари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, аллома бобомиздан ҳар қанча дарс олса арзирли эканини таъкидлади. Комил инсон мавзуси устувор бўлган бу асарлар ҳамон долзарб, теран фалсафага йўғрилгани билан қимматлидир.
Қизиқарли адабий анжуман тарзида ўтказилган йиғилишда Алишер Навоий ижодиётининг серқирра жиҳатлари хусусида батафсил сўз юритилди. Мумтоз куй-қўшиқлар янгради.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА