Навоийдан ИИБ хабарлари
Жорий йил 12 июнь куни Конимех тумани ИИБ навбатчилик қисмига туман ҳудудида жойлашган АЁҚШда турган “Нексия-3” машинаси номаълум шахслар томонидан олиб қочиб кетилгани ҳақида хабар келиб тушади.
Вилоят ИИВ ЙҲХББнинг маълум қилинишича, Туман ИИБ ЙҲХБ ва жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида машина олиб қочганликда гумонланган шахслар Қизилтепа туманида ушланган.
Суриштирувларда аниқланишича, уч нафар гумонланувчи ўтирган “Нексия-3” машинаси Конимех туманида АЁҚШлардан бирига ёқилғи қуйиш учун тўхтаган. Ҳайдовчининг ҳожатхонага кирганидан фойдаланиб, уч йўловчи машинани миниб қочиб кетган. Қизилтепа тумани ҳудудига етганда машинанинг ёқилғиси тугаб, тўхтаб қолган. Икки йигит машинани ташлаб, қочиб кетган. 17 ёшли қиз машина олдида қолган.
Машина олиб қочганларнинг энг каттаси 19 ёшда бўлиб, у аввал ҳам ўғирлик жиноятини содир этганлиги сабаб судланган.
Ҳозирда уч нафар шахсга нисбатан Жиноят кодекси 267-моддасининг тегишли бандлари билан жиноий иш қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида юк машинаси уриб юборган велосипед ҳайдовчиси шифохонада вафот этди.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматининг хабар қилинишича, 2021 йил 15 июнь куни соат 19:10 ларда Қизилтепа туманида жойлашган маҳаллий йўллардан бирида “Камаз” юк машинаси велосипед бошқариб кетаётган шахсни уриб юборган. Оқибатда велосипед ҳайдовчиси кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамасдан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонада вафот этган.
Суриштирувда аниқланишича, велосипед ҳайдовчиси юк машинаси билан бир йўналишда ҳаракатланаётган бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Қизилтепа тумани ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири