Навоийда хатлов ишлари давом этмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер муносабатларини тартибга солиш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда кўп йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларга ечим топиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда 2024 йил 5 август куни қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жараёнларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Хатирчи туманида пресс-тур ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этиб, жойларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Пресс-тур доирасида иштирокчилар Янгиработ маҳалласида бўлиб, хатлов ишларининг амалий босқичларини кузатди.
[gallery-28575]
– Маҳалламизда 911 та хонадон бўлиб, 4033 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси Зиёдулла Зиёдов. – Айни пайтда 48 та кўчада хатлов жараёнлари олиб борилмоқда. Бу ишларга маҳалламиз фаоллари ҳам жалб этилган. Улар хонадон эгаларига амалга оширилаётган ишлар мазмунини тушунтириб, хабардор қилиб бормоқда. Ҳозирга қадар хонадонларнинг қарийб 30 фоизида хатлов ишлари якунланди.
Иштирокчилар хонадонларда замонавий техник воситалар ҳамда рақамлаштирилган дастурлар орқали амалга оширилаётган жараёнлар билан танишди.
– Туманимизда 70 та маҳалла мавжуд бўлиб, қонун ижросини таъминлаш мақсадида хатлов ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда, – дейди Давлат кадастрлар палатаси туман филиали раҳбари Ғолибжон Рашидов. – Дастлаб топографларимиз кўчанинг полигонини, яъни, харитасини шакллантиради. Шундан кейин муҳандислар хонадонларда ўлчов ишларини олиб бориб, кадастр чизмаларини тайёрлайди. Ҳеч бир элемент эътибордан четда қолмайди. Кейин барча маълумотлар хатлов базасига киритилиб, “Эътироф” ахборот тизимига ўтказилади. Шундан сўнг махсус комиссия томонидан муҳокама жараёни бошланади. Ижобий хулоса олинган хонадонлар маҳаллий Кенгаш сессиясига киритилиб, якунда фуқароларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилади.
Маълум қилинишича, ҳозирга қадар туман бўйича 2540 та хонадон маълумотлари тизимга киритилган бўлиб, уларнинг 1779 таси муҳокама босқичида турибди.
Пресс-тур якунида Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида матбуот анжумани ўтказилиб, унда вилоят миқёсида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, кадастр органлари томонидан жорий йилда олиб борилган мониторинг ишлари натижасида 922 та ҳолатда 47,2 гектар ер майдонлари ноқонуний эгаллангани аниқланган. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилган бўлиб, 657 та ҳолатда фуқаролар томонидан ноқонуний қурилмалар ихтиёрий равишда бузилиб, ерлар аввалги ҳолатига қайтарилган. Қолган ҳолатларда эса суд тартибида чора кўрилмоқда.
Шунингдек, 179 та ҳолатда ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, уларнинг асосий қисми давлат захирасига қайтарилган.
– Бугунги кунда 310 та маҳалланинг 79 тасида хатлов ишларини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ушбу жараёнларга 76 нафар мутахассис жалб этилган, – дейди Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Элбек Зайниев. – Ҳозирга қадар 37 мингдан ортиқ объект хатловдан ўтказилиб, уларнинг катта қисми кадастр ахборот тизимларига киритилган. Хатлов натижалари асосида минглаб ҳолатларда фуқароларнинг ер участкаларига ижара ҳуқуқи ва бино-иншоотларга мулк ҳуқуқи қонуний равишда эътироф этилмоқда. Бу эса аҳолининг ўз мулки устидан қонуний эгалик қилиш, уни эркин тасарруф этиш имкониятини яратмоқда.
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шунингдек, ҳуқуқи эътироф этилган фуқароларга кадастр ҳужжатлари тантанали равишда топширилди. Бу эса амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари