Навоийда “Медиа ҳафталик” бошланди
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида “Медиа ҳафталик” тадбирлари бошланди.
Интернет ва босма нашрлар, телевидение ва радио журналистлари, давлат идоралари матбуот котиблари, блогерлар ҳамда мобилографлар иштирок этаётган ҳафталик доирасида малакали экспертлар томонидан замонавий медиа оламининг долзарб йўналишлари ҳақида маълумотлар берилиб, амалий билим ва тажриба алмашишга қаратилган машғулотлар ўтказилмоқда.
- Сўнгги йилларда юртимизда очиқлик, ошкоралик ва сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда, - дейди эксперт Нозима Тошпўлатова. - Давлат органлари фаолиятининг жамоатчиликка яқинлашиши, ахборот олиш имкониятларининг кенгайиши оммавий ахборот воситалари зиммасига янада катта масъулият юкламоқда. Ана шундай шароитда “Медиа ҳафталик” каби тадбирлар журналистларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва замонавий медиа муҳитга мослаштиришда муҳим ўрин тутади.
[gallery-29204]
Тадбир доирасида ташкил этилаётган тренингларда иштирокчилар ислоҳотларнинг турли йўналишларини ёритишда янги ёндашувлар билан танишмоқда. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни таҳлилий ва таъсирчан шаклда ёритиш, сиёсий мавзуларни кенг оммага тушунарли тарзда етказиш, медиа контентни тайёрлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, медиа хавфсизлик, рақамли гигиена, сунъий интеллект даврида ахборот майдонини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган машғулотлар бугунги глобал таҳдидларга қарши самарали жавоб топишга хизмат қилмоқда. Коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни, йирик сиёсий тадбирларни ёритишда таҳлил ва масъулият масалаларига бағишланган дарслар журналистларнинг жамият олдидаги ролини янада кучайтиради. Чунки бугунги кунда ОАВ нафақат ахборот тарқатувчи, балки жамоатчилик фикрини шакллантирувчи, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирувчи муҳим институтга айланган.
Навоийдаги “Медиа ҳафталик” ана шу жиҳатлари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, журналистиканинг сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишига туртки беришга хизмат қилади. Ҳафталик якунига қадар иштирокчилар олган билим ва кўникмалар келгусида юртимизда очиқ, профессионал ва масъулиятли медиа муҳитини шакллантиришга ҳисса қўшиши, шубҳасиз.
Медиа ҳафталик 8 май куни якунланади
А.Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари