Навоийда чорва сони кўпаймоқда
Мўғулистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дааданхуу Батбаатар Навоий вилоятига ташрифи чоғида Конимех туманидаги “Саржал” овул фуқаролар йиғинидаги “Усен ота” фермер хўжалигида парваришланаётган, Мўғилистондан келтирилган зотдор қўйларни кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 31 октябрь-1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига ташрифи давомида “Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларни ишга солиш ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар”га бағишлаб йиғилиш ўтказган эди. Йиғилишда вилоятда 9 миллион гектар яйлов бўлса-да, чорва камлиги таъкидланиб, масъуллар зиммасига келгуси уч йил 3 миллион гектар яйлов яхшиланиши, чорва 10 карра кўпайтирилиши зарурлиги бўйича алоҳида вазифалар юклатилган эди. Шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш учун хориж тажрибасини ўрганиш, ҳудуднинг иқлим шароитига мос чорва зотларини олиб келиб кўпайтириш, амалий ва назарий тамойилларни интеграция қилиш борасида ҳам кўрсатмалар берилганди.

Шунддан сўнг 2024 йил охири ва 2025 йил аввалида Мўғулистондан вилоят яйловларига иқлим шароитига тез мослашувчан 5100 бош қўй олиб келинди. Гўшт-жун йўналишидаги ушбу зотли жониворларнинг тирик вазни 70-80 килограмм, қўчқорлари 100-120 килограммгача, гўшт чиқими эса тирик вазнига нисбатан 60 фоизни ташкил этади. Айни пайт 754 бош шундай чорва моли “Усен ота” фермер хўжалигида боқиляпти. Қўйларнинг 100 дан ортиғи қўзилаган.

Кластер вакиллари меҳмонга қўйларни парваришлаш ва кўпайтириш жараёни тўғрисида маълумот берди.
Элчи вилоятга сафари доирасида йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишиш мақсадида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ тасарруфидаги Мурунтов кони ва 2-гидрометаллургия заводига ҳам боради.

А.Бўриев, ЎзА мухбири