Навоийда байрам тадбири
Навоий вилоят ҳокимлигида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Вилоятдаги фаол, турли соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган хотин-қизлар, секторлар раҳбарлари иштирок этган тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда хотин-қизлар манфаати йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, улар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди ва барчамиз учун севимли бўлган бувижону онажонларимизни, меҳрибон опа-сингилларимизни, дилбар аёлларимиз ва мунис қизларимизни байрам билан қутлади.
2021 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 11 фоиз бўлган бўлса, ўтган 3 йил давомида бошқарувдаги аёллар сони қарийб бир баробарга ошди. Ҳозирги вақтда аёлларимизнинг улуши тиббиёт соҳасида – 82 фоизни, таълим соҳасида – 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 41 фоизни, давлат ва жамоат ташкилотларида ўрта бўғиндаги бошқарувда ҳар тўртта раҳбарнинг биттаси ва юқори бўғиндаги бошқарувда ҳар бешта раҳбарнинг биттасини хотин-қизлар ташкил қилмоқда. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг 92 нафари ёки 39 фоизи хотин-қизлардан иборат.
[gallery-16270]
Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган фармони билан 7 нафар вилоят хотин-қизлари турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Жумладан, томдилик Замира Джакеева “Дўстлик” ордени, навбаҳорлик Мамлакат Исмоилова, нуроталик Шоҳиста Тўйчиева, учқудуқлик Манзура Нуриддиновалар “Шуҳрат” медали, шунингдек, Малика Худойбердиева “Келажак бунёдкори” медали, Моҳира Эшпўлатова ва Меруерт Омонбоева эса Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдилар.
Вилоятда хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина 2023 йилда амалга оширилган дастурлар орқали вилоятдаги 40 мингдан ортиқ хотин-қизнинг ижтимоий, иқтисодий ҳаётини яхшилашга эришилди. 30 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Тадбирда жамият ва давлат ҳаётида ҳар жабҳада фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатаёган хотин-қизларнинг бир гуруҳига “Мўътабар аёл” кўкрак нишони ва вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари