Навоий вилоятида маиший коррупцияга қарши тадқиқотлар олиб борилмоқда
Бугунги кунда жамият тараққиётига жиддий тўсқинлик қилаётган омиллардан бири бу коррупциядир. Айниқса, маиший даражадаги коррупция ҳолатлари фуқароларнинг давлат ва жамият институтларига бўлган ишончини пасайтиради, адолат тамойилларига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, ушбу муаммони илмий ва амалий жиҳатдан ўрганиш, унинг сабабларини аниқлаш ҳамда самарали ечимлар ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бирига айланган.
Навоий вилоятида амалга оширилаётган “Коррупциясиз келажак сари: маиший коррупция сабаблари ва фуқароларнинг унга бўлган муносабатини ўрганиш” лойиҳаси ана шу мақсадга хизмат қилади. Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилиб, “Парвоз” ижтимоий кўмак маркази томонидан Навоий давлат университети ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

– Лойиҳа доирасида кенг қамровли ижтимоий тадқиқотлар ўтказилиб, талабалар ўртасида 400 та онлайн ва 100 та офлайн сўровлар ташкил этилди, – дейди марказ раҳбари Дилнавоз Караева. – Бу орқали ёшларнинг коррупцияга муносабати, унинг келиб чиқиш сабаблари ва турли кўринишлари ҳақида муҳим маълумотлар жамланди. Шу билан бирга, олий таълим муассасаларида “Ҳалоллик дарси” номли очиқ мулоқотлар, тренинглар ва жамоатчилик муҳокамалари ўтказилиб, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, ҳалоллик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Лойиҳа доирасида тайёрланган коррупцияга қарши ижтимоий роликлар ва инфографикалар маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиб, аҳоли ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Бу эса жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур тадқиқот натижалари асосида ҳудудлар кесимида “маиший коррупция харитаси”ни ишлаб чиқиш, шунингдек, “фуқаролик назорати” тамойилига асосланган жамоатчилик мониторинги тизимини жорий этиш имконияти яратилади. Бу эса коррупция омилларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширишга замин бўлади.

Лойиҳа якунлари бўйича апрель ойининг иккинчи ярмида тақдимот ўтказилиб, унда эришилган натижалар кенг жамоатчиликка тақдим этилади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири