Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Учқудуқ туманида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга йўналтириш борасида амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 декабрдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида туманнинг Дўстлик маҳалласида Сожида Хўжақулова томонидан янги тикувчилик цехи ташкил этилди.

С.Хўжақулова шу пайтга қадар ўз хонадонида шогирдлари билан бирга тикувчилик қилиб келган. Унинг меҳнати билан яратилган либослар хотин-қизлар орасида ўз харидорларини топиб, буюртмалар сони тобора ортиб борган. Бироқ уй шароитидаги имкониятларнинг чеклангани сабабли кўплаб буюртмаларни қабул қилиш имкони бўлмаган. Энди эса бу муаммога ечим топилди.
Фармон асосида ажратилган 70 квадрат метрлик янги бинода замонавий тикувчилик цехи ташкил этилиб, Сожида Хўжақуловага ўз ишини янада кенгайтириш имконияти берилди. Эътиборлиси, янги цех нафақат тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, балки ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш масканига ҳам айланмоқда. Айни пайтда бу ерда 10 нафар тикувчиликка қизиқувчи ёш касбининг сир-асрорларини ўрганмоқда.
– Тикувчилик мен учун шунчаки касб эмас, севиб бажарадиган ишим. Энди янги шароитда кўпроқ буюртма қабул қилиш, ишимни кенгайтириш билан бирга ёшларга ўз билганларимни ўргатишни мақсад қилдим, – дейди Сожида Хўжақулова.

Янги цехнинг очилиши маросимида туман ҳокими Учқун Елмуратов, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этди.
***
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Зарафшон шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактаби ҳам янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 - 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Инвестиция дастури доирасида 15,2 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилди.


Замонавий лойиҳа асосида бунёд этилган янги мактабнинг фойдаланишга топширилиши натижасида 990 нафар ўқувчи учун қўшимча таълим ўринлари яратилди. Шунингдек, таълим муассасасида 75 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Янги мактабда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун зарур шароитлар яратилган.
***
Мустақиллик байрами арафасида Навоий шаҳридаги 19-умумтаълим мактабида қўшимча равишда барпо этилган 810 ўринли замонавий ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова ва тегишли масъуллар, нуронийлар ҳамда педагоглар жамоаси иштирок этди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 - 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилди.


Лойиҳа доирасида мазкур мактаб реконструкция қилиниб, қўшимча 810 ўринли замонавий ўқув биноси барпо этилди. Қурилиш ишлари учун 7,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
А. Бўриев,
ЎзА мухбири