Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги Нурота туманида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Оқмачит” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 10 гектарли кичик саноат зонасида фаолият юритаётган 7 та тадбиркорлик субъекти учун зарур муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Лойиҳа доирасида 2,1 километр ички автомобиль йўлларини асфальтлаш, “яшил белбоғ” ташкил этиш мақсадида суғориш қудуғини қазиш, сув минорасини ўрнатиш ва сув тармоғини тортиш, саноат зонаси ҳамда Ёшлар саноат зонасига олиб борувчи 1,5 километр пиёдалар йўлагини қуриш ҳамда ҳудудга 62 та замонавий тунги ёритиш чироғини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, муҳандислик-коммуникация таъминотини яхшилаш, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга хизмат қилади.
***
Кармана туман тиббиёт бирлашмасида Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари томонидан болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли тиббий-амалий тадбирлар ташкил этилди.

Тадбир давомида марказнинг 11 нафар малакали мутахассиси томонидан 102 нафар болада чуқурлаштирилган ихтисослашган тиббий кўрик ўтказилди. Шунингдек, тиббий кўрик натижасида аниқлаган беморларнинг ҳолатидан келиб чиқиб 28 нафар болани туман, 8 нафар болани вилоят ҳамда 5 нафар болани республика даражасидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида даволаш ва соғломлаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимларида даволанаётган 45 нафар беморнинг даволаш жараёни мутахассислар томонидан қайта кўриб чиқилди. Уларнинг 5 нафари реанимация, 4 нафари неонтология, 6 нафари хирургия ва урология, 30 нафари эса соматик бўлимларда даволанаётган болаларни ташкил этди. Ҳар бир бемор учун даволаш муолажалари заруратга кўра коррекция қилиниб, тегишли даво чоралари белгиланди.
Шунингдек, болаларнинг оналари билан суҳбатлар ўтказилиб, болаларни тўғри парваришлаш, соғлом овқатлантириш, кўкрак сути билан боқишнинг афзалликлари, она сутининг аҳамияти ҳамда “Тоза қўллар” тамойилига риоя этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
***
Навоий вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Экополиция ходимлари томонидан Тўдакўл ҳудудида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузган шахс аниқланди.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 1-қисмига асосан ҳуқуқбузарга 24 миллион 720 минг сўм миқдорида жарима тайинланди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири