Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилоят ҳудудий партия ташкилоти Навоий шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг шаҳардаги ижроси юзасидан эшитуви бўлиб ўтди.
Унда Навоий шаҳрида фаолият олиб бораётган 23 та мактабда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Таъкидланганидек, шаҳар мактаблари ичида бирортаси таълим даражаси паст мактаблар рўйхатига киритилмаган, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш даражаси эса 89,2 фоизни ташкил этиб, республикада биринчиликни қўлга киритган.

Эшитув якунида Навоий шаҳрида мактабгача ва мактаб таълим тизимидаги комплекс чора-тадбирларни сифат жиҳатдан янги босқичга чиқариш, мутасадди ташкилотлар ва депутатлик гуруҳи аъзоларининг ҳамкорлигини кучайтириш борасида келишиб олинди.
***
Нурота тумани ҳокими А.Файзиев хитойлик инвестор “Xinlong mining drilling” МЧЖ ҚК раҳбари билан учрашди.

Учрашувда Нурота туманида “Сочма олтин конларидан олтин қазиб олишни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа Сентоб маҳалласи Соб қишлоғида амалга оширилиб, бугунги кунга қадар 2 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Учрашув давомида туманнинг инвестициявий салоҳияти тўғрисида маълумотлар берилиб, ушбу йўналишдаги лойиҳаларни кенгайтириш таклифлари илгари сурилди.
***
Республика Болалар кам инвазив ва эндоскопик хирургия илмий-амалий марказининг малакали мутахассислари Навоий вилоятида бўлди.

Улар дастлаб вилоят Перинатал марказида 3 нафар беморни тиббий кўрикдан ўтказди. Уларнинг 2 нафарига консерватив даво тавсия этилган бўлса, 1 нафар беморга ихтисослашган хирургия марказига жарроҳлик амалиёти учун йўлланма берилди.
Кармана туман тиббиёт бирлашмасида эса 22 нафар бемор кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 1 нафарида юқори технологияли жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.

Мутахассислар томонидан вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 14 нафар бемор амбулатор кўрикдан ўтказилди. Улардан 3 нафарида кам инвазив жарроҳлик амалиётлари амалга оширилди.
***
Хатирчи тумани “Оқ олтин” МФЙда мақсадли тиббий кўрик ташкил этилиб, 279 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Унда туман марказий шифохонаси ва кўп тармоқли марказий поликлиника мутахассисларидан кардиолог, травматолог, невропатолог, хирург, педиатр, офтальмолог, ЛОР, эндокринолог, акушер-гинеколог, дерматолог, онколог, фтизиатр иштирок этди.

Тиббий кўрик жараёнида турли касалликлар аниқланган 53 нафар фуқарога амбулатор шароитда даволанишга, 4 нафар беморга эса туман шифохонасида даволаниш учун йўлланма берилди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири