"Навоий" ЭИЗга пресс-тур ташкил этилди
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан “Навоий” ЭИЗда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари фаолияти ва ушбу йўналишдаги инвестиция лойиҳалари билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
2020 йилда Навоий вилоятида 2655,2 миллиард сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, 33 та қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари томонидан 43,8 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Шунингдек, 2020 йилда умумий қиймати 1163,8 миллиард сўмлик 83 та лойиҳа ишга туширилган ва 1647 та янги иш ўринлари яратилган. Лойиҳаларни молиялаштиришга ташаббускорларнинг 304,8 миллиард сўм ўз маблағлари, 131 миллиард сўм банк кредити, хорижий кредитлар ва хорижий инвестиция ҳисобидан эса 71,4 миллион доллар йўналтирилган.
Пресс тур иштирокчилари дастлаб мармар чиқиндиларидан композит плиталар ва архитектура қурилмалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Gazgan Marble Group” МЧЖ фаолияти билан танишди.
– Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 37,7 миллион АҚШ доллар бўлиб, дунёда етакчи ҳисобланган Италиянинг “Breton S.P.A” компанияси технологияси олиб келиб ўрнатилмоқда, – дейди Навоий ЭИЗ дирекцияси инвесторлар билан ишлаш бўйича директори Жамшид Жумаев. – Ушбу лойиҳа ишга тушгач, 300 та янги иш ўрни яратилиши билан бирга йилига 300 минг квадрат метр қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
[gallery-1825]
Шунингдек, ОАВ вакиллари ҳудуддаги “National Plast” МЧЖда ҳам бўлди.
Корхонада асосан ПВХдан профиллар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларни, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 50 минг тоннани ташкил этади. Айни пайтда бу ерда 410 нафар йигит-қиз фаолият олиб бормоқда.
Пресс тур якунида “Навоий ЭИС” дирекциясида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда дирекция директори Ҳабиб Абдуллаев Президентимизнинг 2017 йил 25 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси тўғрисида тўхталиб, ЭИЗда хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб этиш имконини берадиган солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланган ҳолда замонавий, юқори технологик, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Шу кунга қадар эркин иқтисодий зонада 291,2 миллион долларлик 52 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 3780 та янги иш ўрни яратилган.
Айни пайтда эса 64 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлса, уларнинг умумий қиймати 619,9 миллион долларни ташкил этади. Шунингдек, 2021 йилда 480,8 миллион долларлик 60 та лойиҳа ишга тушиши кутилмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (фото), ЎзА