Навбаҳор Имомова: «Майли, одамлар журналистларни бошқаряпмиз деб ўйласин, аммо бу ўзларини алдаш бўлади»(+видео)
«ГУРУНГ» СУҲБАТЛАР ТУРКУМИ
«Америка овози» ахборот Агентлиги (телерадиоси)нинг Ўзбекистондаги мухбири Навбаҳор Имомова билан суҳбат...
– Келинг, суҳбатимизни Фарғонага ташрифингиз боисидан бошласак. Нега энди Америка Глобал медиа агентлиги маблағ ажратиб, Ўзбекистондаги журналист, блогерларни бугуннинг журналистикаси йўналишида малакасини оширяпти, яъни ўқитяпти? Бу Ўзбекистон-Америка муносабатларининг шу қадар чуқурлашувини кўрсатадими ёки Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга учта йирик давлатлар – Америка, Хитой ва Россиянинг таъсир доирасини кучайтиришга қаратилган глобал сиёсатнинг бир кўринишими?
Навбаҳор Имомова: – Ҳар иккиси ҳам дейиш мумкин. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юраги. Бу ҳақда биз Вашингтондан ҳар доим эшитиб келамиз. Минтақадаги энг йирик медиа-бозор, энг йирик аудитория шу ерда ва бизга Ўзбекистонда бўлаётган барча жараёнлар жуда қизиқ. Айниқса, нима ўзгариб, нима ўзгармаётгани.
Ҳар гал Ўзбекистонга келганимда, шуларни таҳлил қиламан. Мен учун энг асосий, энг ишончли динамик манбалар, бу – оммавий ахборот воситалари. Улар билан доимий мулоқотдаман. Америка Қўшма Штатлари, унинг Глобал медиа агентлиги, «Америка овози» радиоси журналистлар билан мулоқотдан шундай хулоса қиладики, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар профессионал қўллаб-қувватланиши муҳим. Аввало, буни журналистларнинг ўзлари истайди. Билим ва кўникмаларини бойитишда хорижий ҳамкорликни олқишлашади. Ҳозирда Ўзбекистонда буни ҳукумат ҳам қўллаб-қувватлайди.
Бунда албатта, Америка манфаатлари ҳам бор. Америка Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ва профессионал журналистиканинг ривожланишидан манфаатдор.
Шундан келиб чиқиб, мен раҳбариятга Ўзбекистонда иқтисодиёт, бизнес ва хусусий секторни ёритиш бўйича тренинглар олиб бориш таклифини билдирдим. Чунки, журналист иқтисодиётни тушуниб ёрита олса, бу энг муҳим жиҳат. Медиа эркинлик ҳам, инсон ҳуқуқлари ҳам иқтисодиёт билан боғлиқ. Барча сиёсий жараёнлар, иқтисодга бориб тақалади. Шунинг учун маблағ, иқтисод, бозор нима эканлигини журналистлар тушуниб борса, уларнинг касбий маҳорати шаклланади. Шу боис биз мана шундай универсал йўналишни танладик. Мазкур йўналишда олти қисмдан иборат медиа-лойиҳа бошладик.
Декабрь ойида бу лойиҳанинг биринчи қисми амалга оширилди. Март ойида эса иккинчи ва учинчи қисмлари бўлиб ўтди. Тўртинчи қисмига келиб, биз албатта Тошкентдан чиқишга қарор қилдик.
Масалан, Фарғона водийсига. Чунки Фарғона, биринчидан, Ўзбекистоннинг йирик қисми, Марказий Осиёнинг юраги. Йирик вилоятлардан Фарғона водийсининг иқтисодий улуши ниҳоятда катта. Нафақат Ўзбекистон учун, балки Қирғизистон ва Тожикистон учун ҳам чегара оша савдо йўли Фарғона водийси билан боғлиқ. Халқаро майдонда Ўзбекистон ҳақида гап кетганда, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан албатта Фарғона водийси тилга олинади. Яна бир муҳим омил – бу ерда журналистлар фаол. Яқинда якунлаган уч кунлик семинарда ҳам буни кузатиш мумкин.
– Бизнинг журналистларимиз бундай профессионал тренингларга ниҳоятда муҳтож. Тренингда Американинг миллиардерлари, иқтисодчилари, амалиётчилари онлайн тарзда иштирок этиб, биз зарур бўлган фойдали маълумотларни берди. Лекин бизнинг журналистларимиз ана шуларни қабул қилишга, уни англаб етишга ва эртага амалиётда қўллашга тайёр эканми? Сиз медиа-тренингнинг натижаларидан қониқдингизми?
Н.Имомова: – Юз фоиз тайёр деб айтолмайди. Ҳатто Америкада ҳам журналистлар тренингга боради. Чунки улар ўзларининг кучли ва заиф жиҳатларини билишади. Тренингга боришдан асосий фойда ҳам шу. Яъни сиз ўз ҳамкасбларингиз билан ёнма-ён ўтириб бирга ўқиётганингизда амалий тажрибадан келиб чиқиб мавзу муҳокама қилаётганингизда тушунасиз нимани билмаслигингизни. Журналист ҳақиқатни кўра билиши керак. Биз ўзимизни алдаб яшай олмаймиз. Агар биз ўзимизни алдайдиган бўлсак, бу соҳада бизга «нон» йўқ. Чунки билимимиз қанча эканини ўлчай олсак, шунчалик ахборотларни «элакдан ўтказамиз» ва оммага яхшироқ етказа оламиз. Тошкентдаги ҳамкасбларим мени тушунишар, Фарғонада журналистлар ниҳоятда дадил. Уларда кўникмалар бўлмаса-да, ихлос ва хоҳиш бор. Агарда хоҳиш бўлса, албатта олдинга интилиш мумкин. Лекин шу билан бирга, журналистларнинг ўзларига нисбатан ишончи пастлигини ҳам кузатдим, бу албатта ўтган ўттиз йилги тарихга ва жуда кўплаб ижтимоий омилларга бориб тақалади.
Биринчидан, соҳа яхши ўргатилмаган. Журналистика нима эканлигини давлат ҳал қилиб келган. Керакли ахборот нима эканлигини ҳукумат айтган. Ҳозирда журналистлар мана шу қолипдан чиқишга ҳаракат қилишяпти. Ўзлари ўз соҳасининг авторитети бўлишга ҳаракат қилишяпти. Албатта бу ҳукуматга таҳдид эмас. Буни тушуна бошлаган раҳбарият шунинг учун ҳам тренингларга йўл беряпти. Ўзбекистонда журналистлар қанчалик профессионал бўлса, давлат ҳам шундан фойда кўради.
Журналистлар ишончли маълумотларни беришидан биринчи навбатда, тизимнинг ўзи манфаатдор. Тўғрироғи, ҳукуматнинг сиёсатини тўғри тушунтиришади. Мана шу тарзда ўзига хос профессионал муроса ва мулоқот шакллана бошлади. Тренингларга ҳар сафар мавзуга қараб ҳукуматдан кимнидир таклиф этамиз.
Бу сафар энергетика вазири ўринбосари биз билан иккита сессияда икки соатдан суҳбат олиб борди. Қолаверса, мана «Уолл Стрит»да ишлаётган ўзбекистонликлар билан суҳбат қилдик.
Суҳбатларда “The New York times”, “NBC” каналидаги бугуннинг журналистикаси бўйича ишлайдиган журналистлар қатнашди. Жаҳон банки, халқаро молиявий институтларнинг вакиллари билан бемалол гаплашиляпти. Шу пайтгача тренингларга кимни таклиф қилмай, ҳеч ким йўқ демади, хоҳ у Вашингтонда, хоҳ Европада хоҳ Ўзбекистонда бўлсин. Чунки ҳаммага журналистлар билан боғланиш ниҳоятда муҳим.
Мана биз Фарғона водийсидан 20 та журналистни йиғдик. Бугуннинг журналистикаси, бу – ниҳоятда янги йўналиш. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда.
Тренингларда биз йигирмадан ортиқ журналистни қабул қила олмаймиз. Чунки, бу ерда техник билим берилади. Ҳамма индивидуал эътиборга муҳтож. Шунинг учун ҳам кўп ҳамкасбларимиз хафа бўлишди. Албатта уларга ҳам имконият топамиз. Қирқ нафар журналист билан ишладик.
– Мана уч йилдан буён Ўзбекистонга эркин келиб кетяпсиз. Аккредитациядан ўтгансиз. Мухбир сифатида исталган одам билан учрашиб, гаплашяпсиз, ёритяпсиз. Айтинг-чи, Президент Мирзиёев ўтказаётган ислоҳотлар ичида энг муваффақиятлиси қайси бири деб ҳисоблайсиз?
Н.Имомова: – Бу – Ўзбекистоннинг дунёга очилгани. Бугун халқаро ҳамжамият Ўзбекистон билан ҳар қандай мавзуда бемалол гаплашишига ишонади ва буни амалга оширмоқда. Яъни Ўзбекистон шу қадар ёпилиб кетгандики, ҳатто оддий мавзуларни ва масалаларни муҳокама қилиш энг юқори даражада ҳам бош оғриққа, зиддиятларга айланган эди. Мен буни узоқ йиллар Вашингтондан туриб кузатганман.
Ўзбекистон алоқаларни буткул узиб қўймаган эди. Ўз манфаатлари учун тор доирада бўлса-да, Америка билан гаплашар эди. Европа иттифоқи билан ҳамкорлик бор эди. Ҳозир эса Вашингтондан қарасак, Марказий Осиё билан боғлиқ нимаики мавзу кўтарилса, Ўзбекистон ҳақида гап кетади. Яъни, Ўзбекистон ҳақиқатда минтақада энг фаол, яна ўша айтганимдек, динамик тизим ва жамият сифатида майдонга чиқишга ҳаракат қилмоқда.
Лекин бунинг иккинчи томони бор. Сиз қанчалик кўп ваъда берсангиз, қанчалик кўп интилсангиз, сиздан шунчалик кўп нарса кутилади.
Ўзбекистондаги ўзгармаётган ҳолатлардан бири, яъни коррупцияга қарши курашиш, банклар тизимини ислоҳ қилиш узоқ давом этмоқда. Чунки булар ниҳоятда муҳим. Ўзбекистонда агентликлар, вазирликлар пайдо бўлиб, бошқалари йўқ бўлганида давомийлик бўлиши керак. Яъни бу агентлик кетди, бунинг учун биз жавоб бера олмаймиз деган баҳона ўтмайди энди Ўзбекистонга.
Ўзбекистондан одамлар тизимли ўзгаришлар кутяпти. Мен ҳукумат билан мулоқотларимда ўша ўзгаришга, янгилик сифатида қарайман. Шу масалада инглиз тилида бир нечта мақолам чиқди.
Биз ҳамиша Ўзбекистондаги ислоҳот жараёнларини Ғарбдаги экспертлар таҳлилида кўрар эдик ёки мустақил экспертлар таҳлилида. Ўзбекистондаги муаммоларга диагноз қўйилиши ва энди уларни ечишда, ўша жараёнда бўлаётган, юзлашилаётган тўсиқлар, кузатилаётган муаммоларнинг қанчалик мураккаб эканини, нима ишлар қилиниб, қилинмаётганини ҳукуматнинг ўзи ҳам тан оляпти.
Лекин беш йил олдин менга Сенат раиси ёки Ташқи ишлар вазири ҳеч қачон тушунтириб беришмасди. Инновация вазирининг ўзи бизда олимлар етишмайди, биз билимга асосланган иқтисод яратмоқчимиз, бизга ёрдам керак, деб айтиб турибди.
Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов: «Биз шу қадар коррупцияга ботиб кетганмизки, биздан мўъжиза кутманг, яъни коррупцияга қарши кураш ҳар бир инсоннинг ўз ҳиссасини талаб қилади», деяпти.
Дейлик, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари Алишер Қодиров – бу инсон охирги пайтларда инсон ҳуқуқлари бўйича чиққан кўплаб қонунлар ортида турган шахс.
Бу қонунлар халқаро ҳамжамиятда қаттиқ қораланди бу йил. Мен Тошкентга келдим ва Алишер Қодиров билан икки соат суҳбат қилдим. Нима учун, деган саволга жавоб изладик.
Мен Ўзбекистонга келганимда, манзарани ҳеч қачон оқ ва қорага ажратишни хоҳламайман. Мен учун энг қизиғи, орадаги кулранг, энг мураккаб динамика ҳам ўша ерда. Мана шуниси билан қизиқ ҳозирги Ўзбекистон. Умид қиламанки, Ўзбекистон мана шу йўналишда давом этади.
– Сиз ҳозир ҳукумат аъзолари, депутатлар, парламентдаги амалдорларнинг сиёсий фаоллигини алоҳида таъкидлаб ўтдингиз ва бу ҳол очиқлигига нисбатан жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилаётганлигини айтиб ўтдингиз. Сиёсий таҳлилчи сифатида сизнинг фикрингиз жуда қизиқ. Масалан, партия тузмоқчи бўлган Х.Оллоқулов, ўзини «Эрк» партияси вакилиман деб эълон қилган Ж.Отажонов,айрим шарҳловчилар фикр билдираётгандек, кимлардир томонидан уюштирилганми?
Н.Имомова: – Биласизми, очиқлик нисбатан бўлса ҳам қизиқ нарса. У ҳаммага куч беради. Яъни, бирор-бир жамият ҳеч қачон яхши ва эзгу ниятли инсонлардангина иборат эмас. Ҳар қандай имкониятдан ҳамма ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин ва улар бунга ҳақли, агарда қонунни бузмаса, тўғрими?
Мен Хидирназар Оллоқулов билан Тошкентнинг марказида уч ярим соат суҳбатлашдим. Ҳеч ким бизга келиб халақит бергани йўқ. Суҳбатлашиб, маза қилдим. Ҳокимиятга интилаётган, сиёсий партия тузиб, бугунги тузумни ўзгартираман, ҳозирги ҳукумат иш бермаяпти, самара бермаяпти, деган одамни нима учун шу ишларни қилмоқчи экани ҳақида саволга тутдим. Илгари бунақаси бўлмаган. Олдин биз Ўзбекистондан чиқиб кетган, бирор-бир мамлакатга бориб, сиёсий бошпана сўраган, яъни бевосита боғлиқлиги қолмаган одамлар билан гаплашардик.
Х.Оллоқулов, дейлик ҳозирги ҳукуматда ўтирганларнинг «авлоди» бўлиши мумкин. Унга жуда кўплаб саволлар бердим, сизнинг нимангиз янги, сиз нимани ўзгартирмоқчисиз, деб ҳатто роса тергадим.
– Гендер тенглик ҳақида ҳам гапирибсиз-да?..
Н.Имомова: – Албатта. У киши босиқлик билан жавоб берди. Ҳар қандай сиёсатга интилган одам учун синов керак. Буни масалан ўзим журналист сифатида ижобий баҳолайман. Бошқа томондан, энди популизм деган нарса бор. Ўша имкониятлардан фойдаланиб, ўзини танитиб қўйишни, ўзининг ғоя ва фикрларини тарғиб қилишни хоҳлайдиган қатлам ҳамиша бўлади. Бу ҳар қандай жамиятда бор. Энди Ўзбекистонда кўп нарса бизнинг кўзимизга, умуман ичкарида ўтирганларнинг кўзига ваҳимали кўринади. Чунки бунақаси аввал бўлмаган!
– Балки бўлгандир, лекин бу ҳақида ахборот тарқалмагандир.
Н.Имомова: – Бундай ахборот бўлганида ҳам, масалан, уларни руҳан носоғлом деб касалхоналарга тиқиб қўйган пайтларини кўрганмиз-да, энди қўпол қилиб айтганда...
Ҳозир Ўзбекистонда ҳамма бир-биридан мукаммаллик талаб қилади. Ваҳоланки, ҳеч ким мукаммал эмас. Яъни сиёсатга интилган, фаол бўлишга ҳаракат қилган одамлар энг ақлли, энг профессионал, энг виждонли бўлиши керак деган қоида йўқ бу дунёда. Ўзи сиёсатга одамларни олиб келадиган нарса алам. Сиз айтганингиздек, норозилик ҳисси. Бу кўплаб етук жамиятларда нормал туюлади.
Ҳатто сиёсатга одамлар яқинини йўл ҳалокатида йўқотгани учун ҳам боради. Адолат излаб, топа олмаганлиги учун боради. Ўзбекистонликларнинг ҳам бунга ҳаққи бор.
Мен учун бу Ўзбекистондаги бошқа муаммолар билан қиёслайдиган бўлсак, у қадар йирик масала эмас.
– Ўзбекистоннинг имижи, Марказий Осиёда тутган ўрни ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтдингиз. Дарҳақиқат, Ўзбекистонга дунё ҳамжамиятининг эътибори, айниқса, учта йирик мамлакатнинг эътибори кундан-кунга ортиб бораётгандек.
Масалан, Хитой инвестициялар киритиш тармоғи миқдорини жуда тез ошириб боряпти. Россия турли гуманитар соҳаларда Ўзбекистонга кириб келиш ҳаракатини қиляпти. Мингдан ортиқ рус тили ўқитувчилари Ўзбекистонга келиб беғараз ишлашяпти ёки сиз яшайдиган, ишлайдиган оммавий ахборот воситаси жойлашган Америка Қўшма Штатлари Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб, Ўзбекистонга жойлаштириш нияти борлигини оммавий ахборот воситаларига сиздирди. Хўш айтинг-чи, АҚШ Афғонистондан қуролли кучларини олиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳарбий базасини очиши қанчалик ҳақиқатга яқин? Агар шундай бўлса, бу Ўзбекистон учун нима бериши мумкин?
Н.Имомова: – Биз буни яқинда ёритдик. Агар Ўзбекистон ҳукумати АҚШ билан мана шундай ҳамкорликни хоҳласа, ўз қонунларини қайта ёзишига тўғри келади. Чунки Ўзбекистон қонунлари мамлакат ҳудудида хорижий аскарларни жойлаштиришни ман этади. Буни АҚШ жуда яхши билади. Яъни, АҚШ келиб, қонунни бузинг, деган таклиф бермайди ҳеч қачон. Пентагон буни бизга ҳам айтди.
Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги ҳарбий миссиялар билан шуғулланадиган қўмондонлик бу борада Марказий Осиё давлатлари билан гаплашяпмиз, дея маълум қилди. Лекин муайян давлатларни тилга олмади.
Аммо мен ўз манбаларимга асосланиб айтишим мумкин, бу ерда гап , бевосита чегара бўлган Ўзбекистон, Тожикистон ҳақида кетяпти. Қирғизистон билан ҳарбий ҳамкорлик 2014 йилда тақа-тақ тўхтаган. Ўша пайтда Манас аэродромидаги Америка қўшинлари чиқиб кетган ва стратегик шерикликнинг бир қисми бўлган ҳамкорлик келишуви бузилган ва ёпилган.
Қозоғистон анча узоқ. Аммо Тожикистон бор. У ерда Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий контингенти жойлашган. Ўзбекистон бор.
Америка жуда қийин бир аҳволда. Бу ерда гап нима ҳақида кетаётгани ҳақида Конгрессдаги тингловларнинг фикрини ҳам ёритдим. Контртерроризм жуда катта бир тушунча. Унинг ичида разведка, разведка билан боғлиқ технологиялар, жанговар самолётлар ва дронлар ҳақида гап кетяпти. Яъни бу давлатлар чуқур ўйлаб кўриши керак. Ҳаво ҳудудларини очиб берадими, улар қаерларда бўлади? Қандай шартлар асосида бўлади. Айтмоқчиманки, ҳар икки томон бош қотиряпти-да бунинг устида. Нима бўлиши жудаям қизиқ. Лекин база деган сўзни жуда камдан-кам ишлатишяпти. Яъни база бўлмаслиги мумкин. Вақти-вақти билан зарур бўлганида мана шу давлатларнинг мавжуд бўлган стратегик объектларидан АҚШ фойдаланиши мумкин. Бу албатта ўйин қоидаларини белгилаб олишни талаб қилади.
– Бу Ўзбекистон учун керакми ва нима бера олади сизнинг фикрингизча?
Н.Имомова: – Очиғи, бундай масалаларда фикр билдириш, тахминларга берилишни хоҳламайман. Лекин таҳлил қилиб, шу пайтгача Марказий Осиё ва АҚШ орасидаги ҳарбий ҳамкорлик регионга, хусусан, Ўзбекистонга нима берди, дейдиган бўлсак, 2001 йил, ўша 11 сентябрь воқеаларидан кейин Ўзбекистон билан шундай бир ҳамкорлик бошланган. Ундан кейин 2005 йилда Қарши, Хонободдаги ҳарбий база ёпилиб кетганидан кейин зиддиятли вазият бўлган. Шундан кейин ҳам Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик давом этган. Чунки Афғонистонга ноҳарбий юк шимолдан кириб келган. Шимолий таъминот тизими деган система бор эди. У барча Марказий Осиё давлатларини қоплаган эди ва бунда Ўзбекистон жуда ҳам муҳим роль ўйнаган.
– Коррупцияга қарши кураш тўғрисида, агентлик раҳбари билан бўлган суҳбатингиз тўғрисида эсладингиз. Баъзилар «коррупцияга қарши курашиш учун жазони оғирлаштириш ўлим жазосини жорий қилиш керак», деган сўзларни, иддаоларни эшитамиз. Сиз Ўзбекистонни ўрганган журналист сифатида буни қандай таҳлил қиласиз?
Н.Имомова: – Коррупцияга қарши қисқа муддатли, ўрта муддатли, узоқ муддатли чоралар бор ва дунё тажрибасидан кўриб чиқсак ҳаммаси самара берган давлатлар ниҳоятда кўп.
Масалан, Европа давлатларини оладиган бўлсак ёки АҚШ ёки Канадани. У ерда биринчи навбатда, коррупцияга қарши, коррупция нима эканлигини, юлғичлик, молиявий очкўзлик, ўғрилик нима эканини боғча ёшидан ўша инсон англай бошлайди, ўргатилади. Яъни сизнинг ўша менталитетингизнинг бир қисмига айланади. Бировнинг ҳақига кўз олайтирмаслик, қонунни бузмаслик бу ҳам талаблар. Лекин бу узоқ муддатли. Бу дегани, у ердан жиноятчилар чиқмайди, дегани ҳам эмас. Бу бор нарса, кўлами паст бўлади.
Ўрта муддатда, албатта ошкораликни таъминлаш, шаффофликни таъминлаш, масъулиятли бошқарувни йўлга қўйиш.
Бу қанчалик қийин бўлмасин, эплаш мумкин буни ва нафақат Ғарбда, собиқ совет ҳудудида ҳам бунга эришган давлатлар бор. Масалан, Болтиқбўйи мамлакатлари, Грузия.
Яқин муддатда нима қила оламиз. Яқин муддатда қонунларни жойига қўйиб қўйишингиз керак. Яъни, ўша антикоррупцион чоралар жойида бўлиши керак.
Ҳозир коррупцияга қарши кураш агентлиги олға сураётган қонун лойиҳаларидан бири, бу – мансабдорларнинг молиявий ахборотини, ҳисоботини очиқ-ойдин кўрсатиш. Яъни ким қанча маош олади, қанча солиқ тўлайди? Қанча хусусий мулкка эга? Қандай бизнеси бор? Буларни очиб бериш. айтган бўлардим, Ўзбекистон учун яқин келажакда жуда муҳим синов бўлади.
Албатта бунинг иш бериши учун ўз таҳлилимга асосланиб айтишим мумкин, ўн-ўн беш йил керак бўлади камида. Чунки ҳамма мансабдорлар ҳам буни хоҳламайди. Айни дамда Ўзбекистонда, биринчи навбатда, оммавий ахборот воситаларига коррупцияни ёритиш учун кенгроқ имкониятларни бериш керак ва лекин, керак бўлганда, журналистларни ҳимоя қилиши керак.
– Дарҳақиқат, Президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсатни биринчи кундан шунга қаратаётганлигини ҳам кўриб турибмиз. Айнан Президент Мирзиёев даврида, яъни шу сўнгги йилларда янги, биз учун илгари маълум бўлмаган блогер деган тушунча пайдо бўлди. Улар ўзларини халқ ҳимоячиси дея чиқишади ҳар бир чиқишларида, кўпинча адолатни йўлга қўйишимиз керак деб иддао қилишади. Умуман, блогер деган тушунчага сиз қандай таъриф берган бўлардингиз?
Н.Имомова: – Блогерлар жамоатчи фаоллар. Улар қанчалик иддао қилишмасин, халқ номидан гапиряпман, деб, улар муайян қатламлар, гуруҳлар, тоифадаги одамлардан чиққан фаоллар. Блогерлар холис бўлиши шарт эмас. Бу улардан кутилмайди. Улар ўзига хос тарғиботчилар, ижтимоий-сиёсий шарҳловчилар ҳам бўлиши мумкин. Лекин блогерман деб чиқишнинг ўзигина етмайди. Сиз журналистлар сингари ишонч қозона олишингиз керак. Яъни, сиз тушунарли бир йўналишни тарғиб қилаяпсиз. Қандайдир бир ғояларни тарғиботчисисиз. Лекин мен сенга ишона олишим керак. Сен бераётган, майли ўша холис маълумот ҳам қандайдир информацион талабларга жавоб бериши керак. Блогер кўплаб жамиятда ўзи шу охирги ўттиз-қирқ йил ичида қўлланилган термин. Мен АҚШга йигирма йил олдин ўқишга борганимда мактабларда блог нималигини ўргатишган. Чунки ўша вақтларда Америкада блог ёзиш мода бўлган эди. Интернет анча фаоллашган давр ва блоглар, бу – интернетдаги шахсий саҳифалар эди. У ерда сиз ўзингизни қизиқтирган йўналишларни, у сиёсат бўлиши мумкин ёки бошқа масалалар, саёҳат дейлик, ошхона, таомлар билан боғлиқ, тикувчилик, тўқиш... масаласида, блоглар ёзилар эди ва уларни блогер дейиларди. Лекин собиқ Совет ҳудудида блогерлар, булар – сиёсатчи фаоллар. Чунки блогерлар Украинада, Россияда, Марказий Осиёда жуда фаол. Мана энди ҳозир Ўзбекистонда блогерлар даври.
Блогерлар билан гаплашганимда ҳар доим айтаманки, сиз ҳам ўша ишончни қозонишга ҳаракат қилишингиз керак. Лекин кўплаб блогерлар аслида ўзларини сиёсатчилардек тутишади. Яъни, улар информациялар бермайди, балки бу оқ, бу қора, бу менга ёқади, бу менга ёқмайди, бу одамга эргашинг, бу одамга эргашманг. Яъни, қайсидир даражадаги огоҳлантирувчилар, ўт ўчирувчилар ролига кирган. Ҳукм чиқарувчилар, албатта прокурорлари бор у ерда. Оддий қилиб айтганда, «разборшиклар» деб ҳазиллашаман. Лекин, биласизми нима учун улар фаоллашди? Нима учун одамлар уларни тинглаяпти? Уларга талаб бор. Яъни жамоатчилик уларни ҳам элакдан ўтказиш эркинлигига ҳам эга. Бу қанчалик кўплаб профессионал журналистларга блогерлар асаббузар бир шахслар сифатида туюлмасин. Тоқат қиласиз уларга ҳам. Улар ҳам шу жамиятнинг овозлари. Агар блогер бўлсам, икки кунда машҳур бўламан, йигирма минг одам мени кузатаётган бўлади. Масалан, мана газетага ёки мана бу агентликка ёзаётган мақоламни беш юз одам ҳам ўқимаяпти. Лекин мен журналистларга маслаҳат бераман. Бунинг учун сиз блогер бўлманг, агар сабаб шу бўлса. Лекин ичингизда бирор бир масала юзасидан ўт бор ва сиз холис бир тараф сифатида ҳам шуни ёритмоқчисиз, бу бошқа масала. Лекин унисини ҳам, бунисини ҳам қила олмайсиз. Бир томонни танлашга тўғри келади. Ҳозир ундай талаблар ўтмайди Ўзбекистонда.
Кўплаб мутахассислар қулай бўлганда журналист «шляпа»сини кийишяпти, қулай бўлганда блогерлик ва қулай бўлганда улар бошқа идораларда ҳам ишлашади. Кўплаб блогерлар давлат идораларида ишлашади. Мен нега боя коррупция ва медиани боғладим. Манфаатлар тўқнашуви деярли ҳали илдиз отмаган тушунча. Яъни журналист журналистика билангина шуғулланиши керак. Агар мен давлат идорасида раҳбар бўлганимда блогерлар қўл остимда ишлашини хоҳламаган бўлардим.
– Умуман, Навбаҳор Имомова ким ўзи? Америка фуқароси, дунёнинг энг етакчи ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири бўлгунча у қандай ҳаёт йўлини босиб ўтган? Унинг ҳаётий шиорлари нималардан иборат?
Н.Имомова: - Сиёсатчи дедингиз, мен сиёсий таҳлилчи деб тўғрилаган бўлардим. Чунки, очиғи, ҳозир айтганимдек, журналистлар, блогерлар, тўғри биз қанчалик ўзимизни ҳимоя қилишга, ўзимизни қайта-қайта таърифлашга ҳаракат қилмайлик, имидж деган нарса бор ва у сизнинг қандай кўринишингиз, ўзингизни қандай тутишингиз, яъни сиз уни белгиламайсиз. Нариги томонга қандай кўринсангиз, шундай қабул қилинасиз.
Инглиз тилида шундай бир сўз бор: “Politiical junkie”, “News junkie”. Болалигимдан сиёсатни жудаям яхши кўрганман, жудаям қизиққанман. Ҳатто мактабга бормаган пайтимданоқ янгилик мен учун ҳамиша қудрат сифатида туюлган. Яъни, сиз инсон сифатида қанчалик кўп билсангиз, шунчалик кўп таъсир кучига эгасиз, деб ва мана шундай бир ўзига хос фалсафа билан катта бўлганман.
Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманининг Қўшқўрғон деган қишлоғида, катта оилада улғайганман. Отам зиёли инсон бўлган. Ўқиганмиз ҳамиша. Далада катта бўлганмиз. Фақат дала ишлари билан ёки уй-рўзғор ишлари билан шуғулланганмиз ё ўқиганмиз. Яъни, ҳаётимиз мана шу икки нарсадан иборат бўлган ва улғаяётганимда дипломат бўламан ё адвокат ва ё журналист бўламан, дер эдим.
Охир-оқибат мана шу учаласи мужассамлашиб, ўқиган соҳаларим ҳаммаси бир-бири билан аралашди. Ҳиндистонда бакалаврликка ўқидим. АҚШга йигирма йил олдин бордим, журналистика ва сиёсий бошқарув бўйича ўқидим. Тўрт йил олдин Гарвард университетининг сиёсий бошқарув ва лидерлик йўналишида ўқидим. Лекин журналистикадаман ҳамон. Чунки юрагим шу соҳада. Баъзан соҳадан кетсаммикан, бошқа нарсаларга қўл урсаммикан, нариги томонга – сиёсий бошқарувга ўтсаммикан, деган хаёллар бўлади.
Лекин журналистика шундай бир жозибадор соҳаки, мен учун бу – энг эркин, ҳеч ким хоҳласа ҳам, бошқара олмайдиган соҳалардан. Майли, одамлар журналистларни бошқаряпмиз деб ўйласин. Бу эса ўзларини алдаш бўлади. Энг ёпиқ жамиятларда ҳам журналистни бошқаряпмиз десангиз, хато қиласиз. Журналист сиз хоҳлаган гапни айтаётган бўлиши мумкин. Уни бунга мажбур қилаётган бўлишингиз мумкин. Лекин ич-ичидан бу инсон сиздан маънавий жиҳатдан йироқ. Журналистика мен учун ҳақиқатда энг қудратли соҳа. Биз ҳеч кимга душман эмасмиз. Шуни давлат ҳам, одамлар ҳам билиши керак. Агар дунё тажрибасига қарасангиз йирик-йирик муаммоларни олиб чиқиб бериб, сизни ечимларини топиб беришга туртки берадиганлар булар – журналистлар.
Масалан, Ўзбекистонга келганимда ҳар доим Навбаҳор опа менга ўргатинг, дейишади. Аслида мен ўзим бир дунё маълумотларни ўрганаман. Тошкентда, Фарғона вилоятида ўтказган тренингларимизда ҳам мен ўзим кўпроқ ўргандим. Ўргатаётган соҳамиз ҳақида бир дунё маълумот олдим. Бундан ҳам яхшироқ имконият бўлиши мумкинми, дунёда?
<iframe width="1366" height="568" src="https://www.youtube.com/embed/cAkzqDyOObk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe> ЎзА