НАТО самолётлари Эстонияда ўқув парвозини амалга оширади
НАТО қирувчи самолётлари 22-28 сентябрь кунлари Эстония ҳаво ҳудудида ўқув парвозини амалга оширади, дея хабар тарқатди ERR телекомпанияси.
— Учоқларнинг бир қисми пастроқ учади, лекин баландлик 152 метрдан кам бўлмайди, — дейилган хабарда. — Машғулотда товушдан тез учадиган самолётлар ҳам қатнашиши мумкин.
Қайд этилишича, 22 ва 25 сентябрь кунлари Италия Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли F-35 қирувчилари Кадрина ва Хальяла туманлари ҳудудида тезкор машқ ўтказади. Мақсад дронларни аниқлаш ва ҳаво таҳдидига жавоб беришга доир тегишли тартиб-қоидани ўзлаштириш.
Сўнгги пайт НАТО Россия ғарбий чегараси яқинида мисли кўрилмаган фаоллик намойиш этмоқда. Альянс ўз ташаббуслари кенгайишини “Россия агрессиясини тўхтатиш” дея изоҳлаяпти.
Москва Европада НАТО қўшини тўпланишидан бир неча бор хавотир билдирган. Кремль Россия ҳеч кимга таҳдид солмаслиги, бироқ мамлакат манфаатига қарши амалга оширилган ҳеч бир хавфли ҳаракатни эътиборсиз қолдирмаслигини таъкидлаб келади.
С.Раҳимов, ЎзА