Насриддин Исматулло: Мустақиллик – Ўзбекистоннинг янги тараққиёт ва ҳамкорлик салоҳиятини намоён этган давр
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Истиқлолимизнинг 35 йиллиги байрами муносабати билан Тожикистон Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насриддин Исматулло ўз табригини изҳор этди.
– Мустақиллик йилларида Ўзбекистон тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсиш, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, энергетика, транспорт ва саноатни ривожлантириш, ижтимоий соҳани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини сезиларли даражада оширишгача бўлган мураккаб йўлни босиб ўтди. Буларнинг барчаси айниқса, кейинги ўн йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг олиб борган муваффақиятли ислоҳотлари, барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган узоқни кўзлаган изчил сиёсати туфайли имконли бўлди.
Сўнгги йилларда тожик-ўзбек муносабатлари сифат жиҳатидан янги тус олди ҳамда иттифоқчилик алоқалари ва стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу мунтазам сиёсий ирода ҳамда олий даражадаги мулоқотлар самараси бўлиб, деярли барча муҳим йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратди.
Жорий йилнинг март ойида Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларда эришилган келишувларнинг ўз вақтида ижро этилишини самарали назорат қилиш бўйича институционал асосларни яратиш мақсадида Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Олий давлатлараро кенгаш таъсис этилди.
Давлат раҳбарлари Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисида дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини ҳар томонлама муҳокама қилдилар ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.
Бугун олдимизда нафақат эришилган ижобий динамикани сақлаб қолиш, балки уни аниқ амалий мазмун билан бойитиш мақсади турибди. Устувор вазифалар қаторида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, чегараолди ва минтақалараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, гуманитар, маданий ва таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ўрин олган.
Бизнинг Ўзбекистондаги дипломатик миссиямизда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш, тегишли идоралар ва институтлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ва ҳудудларининг фаол ҳамкорлиги учун шароит яратиш принципиал аҳамиятга эга.
Ишончим комилки, тожик-ўзбек муносабатларининг ҳозирги босқичи – бу шунчаки яқинлашув даври эмас, балки уларнинг тизимли ва узоқ муддатли ривожланиш давридир. Умумий мақсадимиз – шерикликни янада мазмунли, ўзаро манфаатли ва икки қардош халқ учун аниқ натижаларга йўналтириш.
Ушбу байрам кунларида қардош ўзбек халқи ва раҳбариятига тинчлик ва равнақ тилайман. Умумий тарих ва маданиятга асосланган халқларимизнинг кўп йиллик яқинлиги келгусида ҳам ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат манбаи бўлиб қолсин.
Ў.АЛИМОВ, ЎзА