Наслли қорамоллар гўшт ва сут нархига қандай таъсир қилади?
19 июнь куни Германиядан Тошкентга махсус самолётда бир юз олтмиш олти бош юқори генетик қийматга эга наслли қорамол келтирилди.
Хўш, “генетик баҳоланган мол” ўзи нима? Ўзимизда ҳам чорва кам эмас. Нега чет элдан қимматга зотдор жонлиқлар олиб келиняпти? Бу ташаббус мамлакат чорвадорлари ва оддий халққа нима беради?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан олиб келинган бу наслли моллар тезда ветеринария назоратига олинади.
Мутахассисларнинг айтишича, оддий маҳаллий молларнинг гўшти ёки сути ҳажмини кўпайтириш учун ўнлаб йиллар давомида чатиштириш ва селекция ишларини олиб бориш керак. Бунга камида 30-40 йил вақт кетади. Генетик баҳоланган молларда эса олимлар томонидан уларнинг насли, неча авлоди, қанча сут бериши ва касалликларга чидамлилиги компьютерда аниқ ҳисоблаб чиқилган бўлади. Бу синовдан ўтган тайёр “инновация” саналади.
Четдан тайёр зотларни олиб келиш орқали биз ўша кўп йиллик йўлни бироз тезроқ босиб ўтамиз. Бу эса бугунги чорвачиликда вақт ва маблағ жиҳатидан катта ютуқ дегани.
– Бу сафар голштейн, симментал ва абердин-ангус зотли наслли моллар келтирилди, – деди Наслчилик илмий-ишлаб чиқариш маркази директори ўринбосари Шерзод Мамадалиев. – Уларнинг ҳар бири 3600 дан 4000 еврогача баҳоланади. Бу моллар мамлакатимиздаги қорамоллар наслини яхшилаш ва маҳсулдорликни ошириш учун тегишли хўжаликларга юборилади. Ушбу буқаларнинг юқори генетик хусусиятларидан келгусида бутун республика бўйича сифатли уруғлантириш ишларида фойдаланамиз. Шунингдек, илғор технологиялар асосида эмбрионлар тайёрлаш учун донор ғунажинларни ҳам олиб келдик. Улардан биринчи авлоддаёқ ўта сермаҳсул бузоқлар олинади. Бу селекция ишидаги энг илғор ва энг тез натижа берадиган тажрибадир. Мазкур моллар ўзининг барча ижобий хусусиятларини кейинги авлодларига тўлиқ ўтказиш қобилияти билан ажралиб туради.
[gallery-30021]
Таъкидланишича, бу Германиядан келтирилган биринчи босқичдаги қорамоллардир. Махсус дастур доирасида шу ойнинг якунига қадар чорвачилиги ривожланган чет давлатлардан олиб келинадиган наслли моллар сони 10 мингга, йил якуни билан эса 30 мингдан ортиққа етказилади.
Янги олиб келинган чорва гўшт ва сут йўналишига бўлинади. Гўшт йўналишидаги моллар кунига ўртача 1,5-2 килограмм, бир йилда эса камида 450-500 килограмм вазн тўплайди. Сут йўналишидаги сигирлардан эса кунига 35-40 литргача сут олиш мумкин. Бу маҳаллий зотларга нисбатан икки баробар кўп демакдир.
Бундан оддий халққа ва фермерга нима манфаат бор? Аввало, бозорларимизда сут, қатиқ, пишлоқ ва гўшт кўпаяди. Маҳсулот мўл бўлган жойда эса нархлар барқарорлашади. Демак, халқнинг чўнтагига енгиллик бўлади.
Шунингдек, тўртта оддий сигирга ем бериб, аранг 30 литр сут олгандан кўра, битта наслли сигир боқиб, худди шунча сутни олиш фермер учун анча арзонга тушади. Ем-хашак ва меҳнат кучи тежалади.
Албатта, четдан келган зотдор моллар оддий шароитда яшай олмайди. Уларга алоҳида парвариш, тўғри рацион ва автоматлаштирилган тизим керак.
Кейинги йилларда бундай зотдор чорванинг кўпроқ олиб келинаётгани мамлакатимизда янги, замонавий ва рақамлашган фермалар сони ортишига ҳам замин яратмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири