“Насаф” Суперлига пешқадамига айланди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 11-тури доирасида “Насаф” – ОКМК ва “Андижон” – “Сурхон” жамоалари рақобатлашди.
Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида ўтказилган "Насаф" – ОКМК баҳси кескин ва муросасиз ўтди. Учрашувнинг 16-дақиқасида Ҳусайн Норчаев ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимнинг 52-дақиқасида ОКМК жамоаси аъзоси Нодирбек Абдураззоқов ҳисобни тенглаштирди. Бироқ, 78-дақиқада Драган Черан рақиб жамоа ҳимоячиси ва дарвозабоннинг қўпол хатосидан унумли фойдаланиб, ғалаба голини урди.

Шу тариқа, 2:1 ҳисобида зафар қучган "Насаф" очколарини 25 тага етказиб олди ва Суперлига пешқадамига айланди. ОКМК эса 23 очко билан иккинчи ўринга тушди.
“Бобур-арена”да ўтказилган "Андижон" - "Сурхон" клублари баҳси 2:1 ҳисобида якунланди. Натижада "Андижон" очколари сонини 12 тага етказиб олди, "Сурхон" эса 13 очко билан қолди.
11-тур доирасидаги бугунги баҳсларда “Сўғдиёна” – “Бухоро”, “Нефтчи” – “Шўртан” жамоалари рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА