“Насаф” Қаршида “Сўғдиёна”ни енга олмади
Қаршида футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси 21-турининг сўнги ва марказий учрашуви “Насаф” ҳамда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.
Ўз майдонида ва чемпионат карвонбошиси сифатида майдонга тушган қашқадарёлик футболчилар ўйинда деярли тўлиқ устунликка эришди. Бир қатор хавфли вазиятлар яратишди. ОФК Кубоги ярим финалидаги муваффақиятсизликдан сўнг руҳан ва жисмонан тўлиқ тикнала олмаган “Сўғдиёна” жамоаси аъзолари нисбатан сустроқ ҳаракат қилсаларда, ҳамояда бехато ўйнади. Баҳс қанчалик қизғин бўлсада учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисобни очиш ҳеч бир жамоага насиб қилмади – 0:0.
Мамлакат чемпионлиги учун бошқа жамоаларга нисбатан энг яхшироқ вазиятда турган “Насаф” футболчилари 2-бўлимни янада шиддатлироқ бошлади. Учрашувнинг 50-дақиқасида буни ҳисобда ҳам намойиш этди. Ўнг қанотдан узатилган тўпни “Насаф” ҳужумчиси Ҳусайин Норчаев кўкраги билан тўхтатди, тўпи эса тўғри Матеус Лима Крузнинг оёғига келиб тушди ва “Насаф”нинг бразилиялик легионери зарбада адашмади – 1:0.

Голдан сўнг ҳам қаршилик футболчиларда ҳисобни янада ошириш учун бир қатор вазиятлар бўлди, аммо шу куни “Сўғдиёна” дарвозасини қўриқлаган Ширинбой Абдуллаев бехато ҳаракат қилди. Ўйин охирлаб борган сари “Насаф”нинг баъзи футболчилари ҳисобни ушлаб қолиш учун вақт чўзишга ҳаракат қилгандек кўринди, бунга қаршиликлар қўшилмасада, вақт чўзиш ўз сўзини айтди ва жазоланмай қолмади.
Баҳснинг 85-дақиқасида “Сўғдиёна” футболчиси Жавоҳир Қаҳрамонов рақиб жарима майдонига ёриб кирди ва дарвозабон томонидан қўпол равишда йиқитилди. Бош ҳакам Ильгиз Танташев VARда вазиятни кўриб чиққач “Насаф” дарвозаси томон пенальти белгилади. Ушбу пенальтини жабрланувчи – Жавоҳир Қаҳрамонов голга айлантирди – 1:1.
Ҳисоб тенглашганидан сўнг, энди жиззахлик футболчиларда вақт чўзишга ҳаракат кўпайди. 90+4-дақиқада бошидан жароҳат олган “Сўғдиёна”нинг сербиялик лигионери Лука Чермелни олган жароҳатини баҳона деб (ваҳоланки уни боши ёрилиб қон оқаётганди)ўйлаб, бош ҳакам, вақт чўзишда айблади ва сариқ карточка кўрсатди. Бу ҳолат учун ўз реакциясини намойиш этган футболчига 2-сариқни кўрсатиб, Чермелни қизил карточка билан “сийлаб” майдондан четлатилди.

Хулоса, “Насаф” – “Сўғдиёна” баҳси 1:1 ҳисобида поёнига етди. Учрашувдан сўнг ҳар 2 жамоа бош мураббийлари матбуот анжуманида иштирок этди.
– "Насаф" ўйинни жуда яхши бошлади. Бизда эса ОФК кубогидаги 120 дақиқалик учрашувдан сўнг айрим футболчилар тикланиб улгуришмаганди. Боз устига йигитларнинг руҳиятида тушкунлик бор эди. 3 нафар футболчимиз ўйинда иштирок эта олмаган бўлса, яна 3 нафари жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Рақиб ҳар томонлама яхши тайёргарлик кўргани билинди. Улар охирги турда Ўзбекистонни энг кучли жамоаси “Пахтакор” устидан Тошкентда зафар қучди. Лекин шогирдларим “Насаф”га қарши муносиб ўйин намойиш этди ва бунинг учун йигитларга миннатдорчилик билдираман”, – деди “Сўғдиёна” бош мураббитйи Улуғбек Бақоев.
–Биз билан ўз уйимиздаги ўйинларда барча рақиблар кўпчилик бўлиб ҳимоявий услубда ўйнамоқда. Шу сабабдан ҳам ёриб киришда қийинчиликка дуч келаяпмиз. Бу борада йигитларга тайинлаяпмиз, биринчи бўлимда, умуман ўйин давомидаги ҳар бир стандарт вазиятдан унумли фойдаланиш керак эди, лекин буни удалай олмадик. Мен ўйлайманки, ҳаммада кайфият яхши. Мухлисларни ҳам тушунамиз. Ҳали олдинда ўйинлар бор ва биз охиригача курашамиз”, – деди “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев.
21-турнинг қолган ўйинларида қуйидаги натижалар қайт этилди: “Сурхон” (Термиз) – “Пахтакор” (Тошкент) – 1:1, “Навбаҳор” (Наманган) – “Динамо” (Самарқад) – 2:0, “Металлург” (Бекобод) – “Бунёдкор” (Тошкент) – 1:2, “Қўқон-1912” (Қўқон) – “Локомотив” (Тошкеннт) – 0:0, АГМК (Олмалиқ) – “Қизилқум” (Навоий) 0:1, “Олимпик (Тошкент) – “Нефтчи” (Фарғона) – 1:1.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА