Нақд валюта олиб чиқишга уриниш фош этилди
Бухоро вилоятида давлат чегараси орқали товарлар ва валюта маблағларининг қонуний ҳаракатини таъминлаш, иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда қонунбузилишларнинг олдини олишга қаратилган божхона назорати изчил давом этмоқда. Замонавий текширув усуллари, хавфларни таҳлил қилиш тизими ва божхона ходимларининг ҳушёрлиги туфайли қонунчилик талабларини четлаб ўтишга бўлган ҳар қандай уриниш ўз вақтида аниқланмоқда.
Бунинг яна бир амалий исботи Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Олот чегара божхона постида қайд этилди.
Ўзбекистон–Туркманистон йўналишида пиёда ҳаракатланаётган фуқаро божхона назоратидан ўтказилганида, унинг ёнида белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда — 6 500 АҚШ доллари нақд хорижий валютаси мавжудлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан валюта маблағлари амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ белгиланган тартибда расмийлаштирилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, амалдаги қонунчиликка кўра жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасидан 100 миллион сўм эквивалентигача бўлган нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида ихтиёрий равишда кўрсатган ҳолда олиб чиқиш ҳуқуқига эга. Ушбу меъёрдан ортиқ миқдордаги нақд валютани эса фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган тегишли рухсатнома асосида мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш мумкин.
Божхона органлари фуқароларни сафар олдидан валюта олиб чиқиш тартиби билан танишиб чиқишга, қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақирмоқда. Зеро, қоидаларга амал қилиш ортиқча оворагарчилик ва ҳуқуқий оқибатларнинг олдини олади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири