Наманганлик зиёратчилар уйларига қайтишмоқда
Бундан бир ой аввал Наманган вилоятидан муқаддас сафарга йўл олган зиёратчилар Ислом динидаги бешинчи аркон – Ҳаж зиёратини ёруғ юз билан, мукаммал тарзда адо этдилар. Юртимизда диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилаётган эътибордан баҳраманд бўлган ҳожиларимиз мамлакатимизга кўтаринки кайфиятда қайтишмоқда.

Водий ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропортида зиёратчиларни кутиб олиш учун барча шароит яратилди. Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридан парвозга кўтарилган "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг ҳаво кемаси Наманган ва Чортоқ туманларидан 245 нафар зиёратчини юртимизга олиб келди.


Нурли юзи, қувноқ кўзида Ватан соғинчи намоён бўлган ҳожилар жамоасини Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, аэропорт маъмурияти, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари тантанали кутиб олди.

Таъкидлаш жоизки, зиёратчиларимиз табаррук манзилларда Яратганнинг буюк фарзини чиройли адо этди. Ҳукуматимиз томонидан фуқароларни Ҳаж зиёратига тайёрлаш, жўнатиш, муқаддас сафардаги амалларни бажариш, тиббий ва бошқа хизматларни кўрсатиш ҳамда юртимизга қайтариш билан боғлиқ жараёнларда юксак даражада қулайликлар яратилди.
Ўз навбатида, бу йилги Ҳаж мавсуми давомида мўмин-мусулмонларимизга Мадина ва Макка шаҳарларида яратилган шарт-шароитлар кўплаб давлатлардан борганларнинг ҳавасини уйғотди. Айниқса, анъанага биноан Президентимизнинг зиёрат давомида муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ўз фуқароларидан ҳол сўрагани Янги Ўзбекистонда инсон қадри барча нарсадан улуғ эканлигининг амалдаги ифодаси бўлди.
Зиёратчиларимиз қутлуғ сафардан соғу саломат қайтишгани ва яқинлари дийдорига етишгани учун шукрона келтириш асносида, элимиз саодати ва Ватанимиз равнақи йўлига хайрли дуолар қилишди. Эндиликда ҳожилик бахтига муяссар бўлган ҳамюртларимиз жамиятда барчага ўрнак бўлиб, ёшларни илму маърифатга чақириш, аҳолини эзгу ишларга бошлаш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдам кўрсатиш ишларида бошчилик қиладилар.
– Узоқ йиллар почтальон бўлиб ишладим. Дурадгор сифатида ҳам меҳнат қилдим. Умр йўлдошим Замирахон билан биргаликда бир қиз ва уч ўғилни ўстириб, эл хизматига камарбаста қилиб тарбияладик. Бугунги кунда фарзандларимиз зиёлилар сафида масъул вазифаларда фаолият юритишмоқда, – дейди Наманган туманидаги Шўрқўрғон қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Жамолиддин Жўраев. – Кексалик ёшида Ҳажга бориш насиб қилганидан бағоят хурсандман. Муаззам манзилларда бизга яратилган шароитлар кутганимиздан-да аъло даражада бўлгани учун ҳам муборак амалларни холис ниятда бекаму куст бажардик. Эндиликда ўз ҳудудимизда маҳалладошларимизни яхшиликка эргаштириб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшамиз.

Аэропортдаги кутиб олиш маросимидан сўнг ҳожиларнинг тегишли гуруҳлари махсус бириктирилган шинам автобусларда яшаш ҳудудларига кузатиб қўйилмоқда.
Маълумот ўрнида: “Ҳаж-2026” дастури доирасида Наманган вилоятидан 1 минг 730 киши муқаддас амалларни бажарди. Зиёратчилар шу йилнинг 12 июнига қадар маҳаллий авиакомпаниянинг махсус рейсларида “Жидда – Наманган” йўналиши бўйича Ватанимизга қайтадилар.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири