Наманганлик ёшлар билан учрашув
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон тўра Ибрат хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан ёш иқтидор эгалари билан “Сенинг Ватанинг – сенинг таянчинг, масофани унут” шоир остида “Вазир ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Даставвал, мажмуа майдонларида рассомчилик, ҳайкалтарошлик, бахшичилик, симфоник оркестр, рақс, чолғу асбоблари, опера, дорбозлик, тош кўтариш каби санъат ва ҳунармандлик йўналишида сабоқ олаётган, янги лойиҳалар устида изланаётган йигит-қизларнинг чиқишлари билан танишилди.


Очиқ осмон остида, илм-фан ва маданият уйғунлашувида ташкил этилган мулоқот давомида мусиқа санъатига қизиққан ёшлар вазир билан очиқ мулоқотга киришди. Бугунги кунда Наманган вилоятида 81 та маданият маркази, 22 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, иккита ихтисослаштирилган санъат мактаби фаолият юритиб келмоқда. Уларда ишлаётган ҳамда таҳсил олаётган истеъдод соҳиблари жаҳон, Осиё ва республика миқёсида бўлиб ўтаётган нуфузли танловларда салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда.


Учрашув давомида иштирокчилар томонидан тасвирий ва амалий санъат бўйича алоҳида республика танловини жорий этиш, мусиқа мактабларида инфратузилмани яхшилаш чораларини кўриш ҳамда театр санъатига қизиққан ўқувчиларга “Ўзбекистон театр санъати” дарслигини киритиш ва бадиий китобларни кўпайтириш, Наманган ихтисослаштирилган санъат мактаби концерт зали учун рояль мусиқа асбоби ва махсус фанларга зарурий электрон дарсликлар билан таъминлаш каби масалаларда вазирга мурожаат қилдилар.


– Наманган санъат коллежи ҳамда Наманган давлат университетини тамомлаб, айни вақтда Тўрақўрғон туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўғил-қизларга фортепиано йўналишида таълим бериб келмоқдаман, шогирдларим орасида иқтидорлилари кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай талант эгаларини янада рағбатлантириш мақсадида Тошкентдаги Глиер ва Успенский номидаги мусиқа мактабларининг профессионал ўқитувчилари иштирокида вилоятимизда маҳорат дарсларини ташкил этиш ҳақида билдирган таклифимиз вазир тарафидан маъқулланганидан беҳад миннатдормиз. Раҳбарларни жойларга бориб, соҳа вакиллари билан бевосита мулоқотга киришаётгани таҳсинга лойиқ, – дейди ёш педагог Анора Мўйдинова.

Тадбир якунида, фаол иштирокчилар ва энг яхши савол йўллаган ёшларга эсдалик совғалари топширилди. Шаҳар, туман маданият бўлимлари, маданият марказлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларига саккиз турдаги 390 га яқин мусиқа чолғу асбоблари мажмуаси тақдим қилинди. Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков ижросидаги “Уйғон, ўғлим” таронаси ёшлар томонидан катта завқ билан кутиб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА