Наманганлик маданий мерос фидойиси эътироф этилди
Эҳтиром, эътибор ва эъзоз. Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 28 майдаги "Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан кўп йиллик самарали илмий-ижодий фаолияти, миллий маънавиятимизни бойитишга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ соҳа фидойилари давлатимизнинг юксак мукофотлари – унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Қувонарлиси, мазкур ҳужжатга кўра, юртимизда маданият, маънавият ва ижтимоий ҳаёт ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик самарали меҳнати ҳамда миллий қадриятларни асраш ва тарғиб этиш йўлидаги хизматлари учун Наманган вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Қодиров “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилди.

Шу муносабат билан Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида вилоят фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали тадбир ўтказилди. Маросим аввалида, мамлакатимиз раҳбарининг тегишли фармони ўқиб эшиттирилди. Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов медаль соҳибига давлат мукофотини тақдим қилди.
Эътироф этиш жоизки, ҳукуқни муҳофаза қилиш идораларида катта тажриба тўплаган Муҳаммаджон Қодиров пенсияга чиққандан кейин ҳам юртга жонсараклигини унутмади. У 2019 йилдан буён Наманган вилоятида мавжуд 300 га яқин моддий маданий мерос объектларига бевосита масъул бўлган ташкилотга раҳбарлик қилиб келмоқда.

Таъкидлаб ўтилганидек, Муҳаммаджон Қодировнинг кўп йиллик фаолияти вилоятда маданий меросни асраб-авайлаш, тарихий қадриятларни тиклаш ва соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида Наманган вилояти маданий мерос бошқармаси ташкил этилиб, унга тегишли штат бирлиги ажратилди.
Ҳукуматнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Наманган вилоятида жойлашган жами 274 моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган. Шундан 152 таси археология ёдгорлиги, 98 таси архитектура ёдгорлиги объекти, саккизтаси монументал санъат асари, еттитаси деворий мозаика, 16 таси диққатга сазовор жойни ташкил этади.

Мазкур тарихий ёдгорликларнинг техник холати мониторинги ишлаб чиқилиб, моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг тоифалари белгиланди. Жумладан, уларнинг 163 таси республика тоифасидаги, 118 таси эса маҳаллий тоифадаги объектга тўғри келди.
Бошқарма саъй-ҳаракати билан маданий мерос объектларининг эгалик ҳуқуқи бўлган кадастр ҳужжатлари йиғма жилдини тайёрлашга киришилди. Бунинг учун аввало объект майдонида ўлчов ишлари шаҳар ва туман кадастрлар палатасининг бўлимлари томонидан амалга оширилди. Ўлчанган объектларнинг қизил чизиқлари шаҳар ва туман қурилиш бўлимлари томонидан тасдиқлаб муҳрланди. Ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳар бир объект майдони ва бино иншооти асосида белгиланган тартибда тўловлар шакллантирилди. Қизил чизиқ учун ҳам маблағ, давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳам республикада белгиланган норматив асосида тўловлар тўланиши талаб этилади. Вилоятда мавжуд кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 154 объект учун кадастр ҳужжатлари, қизил чизиқ рўйхатидан ўтказиш учун зарур маблағлар республика бюджетидан ажратилган 313 миллион маблағ ҳисобига амалга оширилди. Мавжуд маданий мерос объектларига муҳофаза этиш ва сақлашдаги зарур муҳофаза белгиси ўрнатиш ишлари бажарилди.
Ҳар бир дона муҳофаза белгиси учун 250 минг сўмдан маблағ сарфланди. Биргина Поп туманида жойлашган 29 объектнинг археология ёдгорлиги учун 100-200 метргача, архитектура ёдгорликлари учун 50-100 метргача муҳофаза ҳудудини белгилаш учун ўлчов ишлари бажарилиб, бунга 150 миллион маблағ сарфланди.
– Мамлакатимизда миллий қадриятлар, маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йил ичида Президентимиз томонидан соҳамиз ривожи йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бунинг вилоятимиздаги ёрқин самаралари сифатида Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон тўра Ибрат зиёратгоҳи, Ахсикент археология парки, Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний ёдгорлик мажмуаси, Чуст туманидаги Бибиона зиёратгоҳи, Давлатобод туманидаги “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳи ва Наманган шаҳридаги “Ҳазрат Мавлоно” ёдгорлигида олиб борилган бунёдкорлик ишлари туфайли ўтган азизлар руҳи шод этилди, туризм салоҳияти янада юксалди, – дейди Наманган вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби Муҳаммаджон Қодиров.
– Ушбу тарихий обида ва зиёратгоҳлар дунёнинг турли минтақаларидан ташриф буюраётган сайёҳларнинг ҳайрати-ю ҳавасини уйғотмоқда. Эътиборлиси шундаки, ҳар йили мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди, хусусан Наманган вилоятидаги мавжуд моддий маданий мерос объектларининг реставрация-тиклаш ишларига давлат бюджетидан маблағлар ажратилаётгани ҳам ўтмишини унутмаётган миллат келажаги учун қайғурилаётганидан далолат беради.
Тантанали маросим якунида сўз олган “Шуҳрат” медали соҳиби Муҳаммаджон Қодиров Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда кўрсатилган эътибор ва эҳтиром учун Президентимизга миннатдорлик изҳор қилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА