Наманганда янги заргарлик корхонаси ишга туширилди
Наманган вилояти Давлатобод туманида жойлашган “Namangan zargarlik klasteri” ҳудудида “Modern Gold Jewelry Manufacturing” хорижий корхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур инвестиция лойиҳаси мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, саноат салоҳиятини юксалтириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларидан биридир.
“Ўзмиллийбанк” томонидан ташкил этилган заргарлик кластери доирасида барпо этилган корхона Дубай ва Ҳиндистон инвесторлари иштирокида фаолият бошлади.
Корхонада рангли металларни қайта ишлаш, замонавий заргарлик буюмлари тайёрлаш ва маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш йўлга қўйилади.
Лойиҳа доирасида йилига 1,5 тонна рангли металлни қайта ишлаш ҳамда 600 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт ҳажмига эришиш режалаштирилган.
Эътиборлиси, янги корхонада 200 нафардан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, кластер ҳудудида заргарлик мактабини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Бу ерда ёшлар замонавий заргарлик сирларини ўрганиб, касбий кўникма ва малакаларини ошириш имкониятига эга бўлади. Мазкур ташаббус соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Корхонада ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотларни Сингапур, Ҳиндистон ва араб мамлакатларига экспорт қилиш мўлжалланган.
[gallery-32146]
Янги инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши ҳудудда саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва Наманган заргарлик маҳсулотларининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА