Наманганда спортнинг ҳолати ўрганилди
Мамлакатимизда спорт соҳасида эришилган натижалар ва халқаро мусобақаларга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида жорий йилнинг 22 январида Президентга тақдимот чоғида ҳудулардаги мавжуд спорт инфратузилмасини янада яхшилаш масалалари хусусида сўз юритилганди.
Давлат раҳбарининг топшириғи асосида айни кунларда Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мутахассислари ҳудудларда соҳадаги ўзгаришлар ва муаммоларни ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов етакчилигидаги ишчи гуруҳ мутахассислари Наманган вилоятидаги мавжуд спорт иншоотлари билан танишиш асносида мураббий ва спортчилар билан учрашувлар ўтказди
Вилоятнинг Поп, Косонсой ва Янгиқўғон туманларининг чекка ҳудудларидаги спорт мактабларидаги ҳолат билан танишилди. Ёш спортчиларнинг шуғулланиши учун яратилган шароитлар, спорт бўлимларининг фаолияти ва машғулотлар жадвали, мактабларнинг моддий-техник базаси ўрганилди. Наманган шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда велотрек базасининг иш фаолияти ҳам мутахассислар эътиборидан четда қолмади.

Спортчилар, уларнинг ота-оналари, мураббийлар билан мулоқотлар чоғида уларни қийнаб келаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар бўйича раҳбарларга аниқ вазифалар қўйилди.
Мутахассислар вилоятдаги ҳар бир спорт мажмуасининг имконияти, янги қурилаётган спорт иншоотлари ҳолати, ҳудудларда ёшларни спорт машғулотлари билан қамраб олиш мундарижаси таҳлил этилди. Аҳоли ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, маҳоратли спортчи ёшларни танлашда самарадорликка эришиш юзасидан зарур тавсиялар билдирилди.
Т. Рўзиев,
ЎзА мухбири