Наманганда Россия ҳамкорлигида инфратузилма ривожлантирилади
Россия Федерациясидаги йирик илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланган “НПП Антарус” компанияси бош директори Сергей Анатольевич Языков бошчилигидаги делегация Наманганга ташриф буюрди.
Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов билан учрашувда юртимизда амалга ошириладигшан янги лойиҳаларда хориж томонининг ҳамкорлиги атрофлича кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида: “НПП Антарус” компаниясида муҳандислик ускуналари – гидравлик ва пневматик куч ускуналари ҳамда двигателларни ишлаб чиқариш бўйича йирик саноат бирлашмаси саналади. Заводда 15 йилдан буён “Antarus” савдо белгиси остида босимни оширувчи насос қурилмалари ва ёнғинга қарши ўчириш тизимлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотлар турар-жой, ижтимоий, тижорат ва саноат қурилиши объектларида ишлатилади.
[gallery-29234]
Қолаверса, компания сув таъминоти, ёнғинга қарши ўчириш, канализация, совитиш, иссиқлик таъминоти, вентиляция ва электр таъминоти тизимлари учун бошқарув шкафларини лойиҳалаштириб, етказиб беради.
Самимий руҳда ўтган мулоқотда иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш (канализация), шунингдек, иссиқлик таъминоти объектларини реконструкция қилиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар орттирган тажриба ва имкониятларини тақдим этди. Шунингдек, келгуси йилда иссиқлик пунктлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА