Наманганда пахта йиғим-терими бошланди
2026 йил ҳосили учун Наманган вилояти бўйича 48 минг 800 гектар майдонга чигит экилиб, экинлар агротехник талаблар асосида парваришланди. Мавсум якунига қадар ҳар гектардан ўртача 52,2 центнердан, жами 254 минг 500 тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган.
Мамлакат қишлоқ хўжалигида муҳим иқтисодий ресурс бўлган пахта кўп асрлик меҳнат маданияти, деҳқончилик тажрибаси ва халқимиз турмуши билан чамбарчас боғлиқ қадриятга айланган.

Бинобарин, айни вақтда тармоқни замонавийлаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, технологияларни кенг жорий этиш ва фермерларни юқори самарадор техника билан таъминлашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунларда пахтазорларда янги мавсумнинг масъулиятли босқичи бошланмоқда. Ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш мақсадида вилоятда 856 та йиғим-терим отряди ташкил этилди. Мавсумда ҳосилнинг 70 фоизини терим машиналари ёрдамида йиғиштириб олиш режалаштирилган. Бунинг учун 178 та пахта терим агрегати жалб этилади. Эътиборлиси, жорий йилда вилоятга 57 та янги пахта терим машинаси харид қилинди.

Мингбулоқ туманидаги “Элита уруғчилик” фермер хўжалиги дала шийпонида уюштирилган “2026 йил ҳосили учун етиштирилган пахта хомашёсини нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, пахта йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш” мавзусидаги вилоят кўргазмали семинар-йиғилишида соҳа фидойилари, нуронийлар, вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, туманлар ҳокимлари ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Анжуманда пахта ҳосилини сифатли йиғиб олиш, теримни белгиланган муддатларда аниқ ташкил этиш, меҳнат жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ва мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, жорий йилги ҳосилни қисқа муддатда йиғиб олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Оқ олтин” мавсумини юқори савияда ташкиллаш, пахта хомашёсини даладан йиғиштириб олиш, теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда белгиланган режаларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва вазифаларни белгилаб берди.

Шунингдек, тадбирда жонлиқ сўйилиб, эҳсон дастурхони ёзилди. Дуога қўл очилиб, деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнатига барака, юртимиз дастурхонига тўкинлик тиланди, пахта йиғим-терим мавсумига “оқ фотиҳа” берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.