Наманганда Озарбайжон тиббиёт кунлари
Наманган вилоятида илк бор ташкил этилган Озарбайжон тиббиёти кунларида ҳар икки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, бу борада жаҳон тажрибасини амалиётга татбиқ этиш борасида фикр алмашди.
Озарбайжондан келган малакали мутахассислар томонидан жарроҳлик, кардиология, гинекология, эндокринология, инвазив радиология ва интенсив терапия каби йўналишларда маҳорат дарслари ўтказилди. тажрибаларини ўртоқлашмоқда.

Тадбирнинг ялпи анжуманида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев ўзбек ва озар халқлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари равнақ топаётгани, бу айниқса, тиббиёт тизимида яққол кўзга ташланаётганини таъкидлади.
Делегация раҳбари, Озарбайжон жарроҳлик илмий марказининг жигар, ўт пуфаги йўллари ва ошқозон ости бези жарроҳлиги бўлимининг катта илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гурбанхан Муслимов, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рашад Маҳмудов икки давлат соғлиқни сақлаш мутасаддиларининг биргаликдаги самарали фаолияти тиббий хизмат самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Анжуманда, Наманган давлат университети томонидан озарбайжонлик олим Рашад Маҳмудовга университетнинг фахрий профессори унвони берилди, меҳмонга шу ҳақидаги диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ялпи мажлисда озарбайжонлик тажрибали мутахассисларнинг долзарб мавзуларда илмий маърузалари тингланди. Халқаро тадбир доирасида Намангандаги бир қатор тиббиёт муассасаларида маҳаллий ва бокулик шифокорлар иштирокида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари олиб борилмоқда.

– Қардош озарбайжонлик ҳамкасблар ташрифи марказимиз нуфузини янада ошириб, аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишда катта роль ўйнайди, – дейди Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази урология бўлими мудири Сайфиддин Мамадалиев. – Ҳозирда бир нечта юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди. Бу жараёнларда ўзимиз учун зарур билим ва кўникмага эга бўлдик.
Озарбайжон тиббиёти кунлари Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида давом этмоқда. Таниқли жарроҳ, профессор Гурбанхан Муслимов, профессор Ислом Махалов ва жарроҳ Заур Халилов томонидан лапароскопик амалиётлар ўтказилиб, сурункали касалликлардан азият чекаётган беморларни соғломлаштиришга эришилди.

– Икки давлат тиббиётчилари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари доираси кенгаяётганидан мамнунмиз. Яқинда бокулик профессор Малик Садиев филиалимизда режали анестезия бўйича “Маҳорат дарси” ўтказиб, мутахассисларимиз тажрибасини янада бойитишга ҳисса қўшган эди, – дейди Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директори вазифасини бажарувчи Умиджон Муҳиддинов. – Озарбайжон тиббиёти кунлари муносабати билан муассасамизга келган таниқли мутахассислар иштирокидаги амалиётлар пайтида нафақат даволаш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда, балки маҳаллий шифокорларнинг касбий маҳорати ҳам ўсмоқда. Шуни таъкидлаш даркор, Ўзбекистон ва Озарбайжон тиббиёт олимлари, соҳа етакчилари, малакали шифокорлар ҳамкорлигида ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизими ишини янги босқичга кўтариш, ўзаро тажриба алмашиш борасида юқори натижаларга эришилади. Бунинг пировардида эса халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш самарадорлиги ортади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.