Наманганда ҳунармандчилик кенг ривожланмоқда
Бугунги кунда Наманган вилоятида 7 мингдан ортиқ уста-ҳунармандлар бор. Улар каштачилик, зардўзлик, заргарлик, нақш ўймакорлиги, кулолчилик, пичоқчилик, дўппичилик каби 34 та йўналишда фаолият юритмоқда. Албатта, бу жараёнларда "Устоз-шогирд" анъаналари ҳам эътиборга олинган. Ҳозирда 17 мингдан ортиқ ёшлар, хотин-қизлар турли йўналишлар бўйича маҳорат сирларини ўрганмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги "Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазкур йўналишда ўзига хос имконият эшикларини очди. Хусусан, ижтимоий суғурта бадали бир йилда бир бор энг кам иш ҳақини бир баробари, яъни 270 минг сўм тўланадиган бўлди. Шунингдек, фаолият юритиш жойидан қатъий назар коммунал инфратузилма хизматлари ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга ошириш белгиланди. Бу каби имтиёзларни кўплаб келтириш мумкин.
Аҳамиятлиси наманганлик ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Латвия, Литва, Бельгия, Грузия, Қозоғистон ва Россия каби 10 га яқин давлатларга экспорт қилинмоқда.
[gallery-5403]
2020 йилда бу кўрсаткич 16 минг 444 АҚШ долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 74 минг 349 АҚШ долларига етди, - дейди «Ҳунарманд» уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Валиев.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА