Наманганда ғалла ўримига киришилди
Юртимиз далаларида ғаллага ўроқ тушди. Наманган вилояти деҳқонлари ҳам яхши ниятлар билан ғалла ўрим-йиғимига киришди.
Поп туманидаги "Мирзаорол уруғчи" фермер хўжалигида 2024 йил ҳосили учун етиштирилган бошоқли дон ҳосилини нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида уюшқоқлик билан йиғиб олиш ҳамда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишларига бағишланган вилоят кўргазмали семинарида вилоят сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари, кластерлар, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари мутасаддилари, муқобил машина трактор парки раислари, фермер хўжаликлари ва ўримга бириктирилган отряд бошлиқлари иштирок этди.
Даставвал, кун тартибидаги масала юзасидан масъул мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ғалла ўрим-йиғим мавсумини талаб даражасида ўтказиш, ҳосилдан бўшаган ерларга такрорий экинларни кечиктирмасдан экиш, уларнинг парвариши борасида тегишли тавсиялар берди.
Семинарда моддий ёрдамга муҳтож оилаларга ер бириктириб бериш лозимлиги қайд этилди. Натижада кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ишсиз аҳоли хонадонлари оталиққа олинади. Ижтимоий дафтарлардаги меҳнатга лаёқатли вақтинчалик ишсиз фуқароларга уруғлик буғдой, сомон пресс ва такрорий экин экиш учун ер майдони берилади. Улар сабзавот, картошка, дуккакли, мойли ва чорва каби озуқа экинлари етиштиради.
Тадбирда ғалла ўрим-йиғими мавсумни кўнгилли ва уюшқоқлик билан ўтказишни ният қилиб, жонлиқ сўйилди. Нуронийлар дуога қўл очиб, Яратгандан янги ҳосилга қут-барака сўрашди.
[gallery-17717]
Эслатиб ўтамиз: 2024 йил мавсумида Наманган вилоятида 68 минг гектар майдонда бошоқли дон етиштирилган бўлиб, ҳосилни жами 243 та комбайн ёрдамида саранжомлаб олиш мақсад қилинган.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари