Наманганда экологик тоза транспорт қатнови кенгайтирилади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида жамоат транспорти хизматлари сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий транспорт хизматларини кўрсатиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралда қабул қилинган “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида вилоятда жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш, замонавий автобуслар сонини кўпайтириш ва йўловчилар учун қулайликларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда ўтган даврда вилоят тадбиркорлари томонидан Наманган шаҳри учун 108 та замонавий автобус харид қилиниб, уларнинг 10 та йўналишда белгиланган тартибда қатнови йўлга қўйилди.
Энди шаҳар аҳолисига экологик тоза ва замонавий транспорт хизматларини кенгайтириш мақсадида “Турон-95 МБИ” МЧЖ томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган 125 та замонавий автобус харид қилиш бўйича шартнома имзоланган. Айни пайтда ушбу шартнома доирасида 10 та “Zhongtong” русумидаги электробус Наманган шаҳрига олиб келинди.
[gallery-31649]
Электробусларнинг хизмат кўрсатиш жараёнида 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Замонавий электробусларни Наманган шаҳрининг йўл-транспорт бош режасига мувофиқ, тендер асосида “Отчопар – Чорсу” йўналишига бириктириш ҳамда белгиланган тартибда мунтазам қатновларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Янги транспорт воситаларининг йўналишга чиқарилиши шаҳарда жамоат транспорти тизимини янада такомиллаштириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА