Наманганда барча драйвер соҳаларни ривожлантириш учун ресурс ҳам, шароит ҳам етарли
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари вилоятда барча драйвер соҳаларни ривожлантириш учун ресурс ҳам, шароит ҳам етарли эканини кўрсатиб ўтди.
Вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 14 та туман ва шаҳар ҳокимлари олдида йил якунигача 4 миллиард 200 миллион доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг одамни ишли қилиш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси тургани қайд этилди.
Норин туманидаги 5 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Шўрариқ маҳалласи мисолида “оғир” маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартириб, шаҳар муҳитини олиб кириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Хусусан, бундай маҳаллаларда замонавий маҳалла гузари қуриб берилади, болалар ва спорт майдончалари, сервис объектлари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил этилади. Кўчалар асфальт қилинади ва ёритилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади.
Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан, жами 320 миллиард сўм берилиб, улар намунали ҳудудга айлантирилади.
ЎзА