Наманган туманида замонавий 24/7 кўча барпо этилмоқда
Наманган туманида йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига қулай шарт-шароит яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида замонавий 24/7 кўча ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа 4Р-115 автомобиль йўлининг Анжирзор, Бўстон, Боғ кўча, Тепақўрғон, Бозорбоши, Қирғизқўрғон ва Оқбулоқ маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи қисмини қамраб олади.
Унинг доирасида 4,4 километр автомобиль йўлини асфальтлаш, 7,4 километр пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этиш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ҳамда очиқ сув лотокларини қуриш режалаштирилган. Шунингдек, йўл бўйидаги аҳоли хонадонлари, деворлар ва тадбиркорлик объектлари атрофини ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – ҳудудда 100 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу аҳоли бандлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
[gallery-32048]
Мазкур бунёдкорлик ишлари натижасида йўл ва пиёдалар ҳаракати учун қулай шароитлар яратилиб, ҳудуднинг инфратузилмаси янада яхшиланади. Энг муҳими, аҳоли ва тадбиркорлар учун замонавий, обод ҳамда иқтисодий жиҳатдан фаол муҳит шаклланади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА