Наманган ширмой нонининг мазаси ўзгача
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбек тандир нони бетакрор мазаси билан довруғи дунёга танилган. Кўриниши, шакли, ясалиш услуби ва таъми билан ҳар бир вилоят нони бир биридан фарқланади.
Наманган ўз ширмой нони билан машҳур. Бу нон ширмон, ширмол номлари билан ҳам аталади.
Ширмол – форс-тожик тилида “сутли нон”, деган маънони англатиб, унинг ширмон кулча, ширмон патир, қўшалоқ ширмой, пайванд, обу ҳол, олча гулли ширмой каби турлари бор. Ширмой ноннинг ватани Наманган ҳисобланиб, Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Марғилон, Андижон шаҳарларида ҳам тайёрланади. Аммо, ҳар бир ҳудуд нонининг таъми бир-бирига ўхшамайди. Наманган ширмойи узоқ муддат ўз мазаси ва ҳолатини сақлаб қолиши билан ҳам ўзгача.
[gallery-11742]
Ширмонпазлар ноннинг тайёрланиш жараёнига катта эътибор беради. Хамиртуруш мижғитгувчи, ачитувчи вазифани бажариб тайёрланган нонлар ғовак ва кўриниши чиройли бўлади. Бу ғоваклар ноннинг тез ҳазм бўлишига ёрдам беради. Ширмой хамири учун хамир пайгир солинади. У нўхат ва арпабодиён дамламасига ун қўшиб тайёрланади. Хамир пайгир хамиртуруш вазифасини бажаради. Нўхат ва арпабодиён дамламасига ун солиб аралаштириб 12 соат мобайнида кўпиртирилса хамиртуруш тайёр бўлади. Тайёр пайгирни буғдой уни билан қўшиб, хамир қорилади. Яхшилаб қорилган хамир камида 2 соат тиндирилади. Кўпчиб чиққан хамирдан 200-600 грамм зувала узиб олиниб, қўлда ёйилади. Пичоқ ёрдамида шакл берилиб, пардозланади. Ширмой усти кунжут, седана билан безатилиши мумкин. Ғўзапоя чўғида пиширилган ширмойнинг таъми айниқса, ўзгача бўлади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА