Наманган музқаймоқлари Марказий Осиё бозорида
Кунлар исиши, жазирама давр – ёз фасли яқинлашиб келиши билан одамларнинг чанқоқбости озиқ-овқат ва сут маҳсулотлари, айниқса, музқаймоқлар истеъмолига бўлган эҳтиёжлари ошиб бориши шубҳасиз.
Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибидаги Янги Наманган туманида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Обид файз БМ” корхонаси кўп йиллардан буён аҳоли учун ширинлик ва музқаймоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариб келмоқда.
Бугунги кунда жамиятга қарашли ишлаб чиқариш цехида 25 нафар ишчи меҳнат қилиб, ойига 80 тоннагача маҳсулот тайёрланади.

Корхона ҳозир 10 турдаги ширинлик ва беш турдаги музқаймоқ ишлаб чиқариш имкониятига эга. Улар орасида "Magnit", "Plombir" номли чанқоқбости маҳсулотга бўлган харидорлар кўпчиликни ташкил қилади.
Маҳаллий музқаймоқ ишлаб чиқарилиши аҳоли эҳтиёжини қондириш асносида импортга бўлган эҳтиёжни камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, корхона маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам талабга эга. Хусусан, мазкур тадбиркорлик субъекти тарафидан 2025 йилда 25 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Қирғиз Республикасига экспорт қилинди. 2026 йилда эса корхона 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришни мақсад қилган, шундан 50 минг долларлик маҳсулот эса, экспортга йўналтирилади.

Жамият фаолияти билан яқиндан танишган Янги Наманган тумани ҳокими Адҳамжон Қорабоев бошчилигидаги ҳокимлик ишчи гуруҳи тадбиркорга ҳар томонлама амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдириб, ишлаб чиқариш суръати ва экспорт қамровини ошириш борасида тавсияларини берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА