Наманган аҳли референдумга бефарқ эмас
Юртимизда наманганлик футбол ишқибозлари азалдан миллионлар ўйинининг чинакам мухлислари сифатида довруқ қозонган. Марказий Осиё давлатлари орасидаги футбол бўйича барча даражадаги турнирларда стадионларга энг кўп томошабин Наманганда тўпланади. Водийлик ишқибозлар бу борада Ўзбекистон футбол ассоциациясининг махсус совринига ҳам эга бўлган. Улар ҳатто Осиё футбол конфедерацияси миқёсида ҳам эътирофларга сазовор бўлишган. Наманганлик мухлисларнинг якдиллиги Давлатобод туманидаги "Марказий" ўйингоҳда бўлиб ўтган "Референдумда фаол иштирок этаман" деган эзгу мақсадни ўзига қамраган тарғибот тадбирида ҳам яққол кўзга ташланди.

Стадионга тўпланган ўн минглаб ҳамюртларимизга чинакам байрам кайфиятини улашиш мақсадида пойтахтимиздан келган спорт, маданият, саноат номояндалари иштирокида “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники!” шиори остида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот тадбири ўтказилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, хусусан, миллионлар ўйини футболни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ушбу ғамхўрлик яқинда яна бир карра ўз самарасини бериб, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-20) футболчилари Осиё чемпионлигини қўлга киритиб, жаҳон чемпионатига йўлланмага эга бўлди. Терма жамоа таркибида Наманган вилоятида камол топган уч нафар умидли чарм тўп устаси тўрақўрғонлик Умарали Раҳмоналиев, косонсойлик Пўлатхўжа Холдорхонов ва Наманган шаҳридан Асадбек Жўрабоевларнинг ҳам борлиги диққатга сазовор.

Ўзбекистон футбол федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, ўз даврида жаҳон ва Осиёнинг энг яхши ҳаками бўлган Равшан Эрматов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Наманганнинг "Навбаҳор" клуби аъзоси Остон Ўрунов сўзга чиқиб, янги Конституциямизнинг мамлакатимиз спортини ривожлантиришда тутган ўрни, унга киритилаётган янги қўшимчалар ва ўзгартишлар халқимизнинг соғлом турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлаб, барчани 30 апрел куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чорлади.

Таниқли эстрада хонандалари ва ёш санъат усталари шоу-концерт дастури тадбир иштирокчиларига кўтаринки завқ улашди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА