"Nafosat–2025" кўрик-танлови ғолиблари
Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида "Milliy fashion show" – "Milliy liboslar festivali" доирасида дизайнерлар ўртасида "Nafosat–2025" кўрик-танловнинг вилоят босқичи ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди.
Сирдарё вилоят ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари– Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этиб, мазкур тадбир ўзбек халқининг бой тарихи, қадимий урф-одат ва анъаналарини авлоддан авлодга етказувчи муҳим восита эканлигини таъкидлади.

"Milliy fashion show" – "Milliy liboslar festivali" доирасида ташкил этилган "Nafosat-2025" кўрик-танловида ёш, иқтидорли дизайнерлар ўзларининг ўзбек миллий урф-одат ҳамда қадриятларини ўзида акс эттирган тўпламларини ҳакамлар ҳайъати аъзолари ва иштирокчиларга намойиш этган бўлса, қўлигул, ҳунарманд аёлларимиз томонидан қўл меҳнати орқали яратилган ҳунармандчилик маҳсулотларининг кўргазмаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тошкент шаҳридаги Аёллар дизайни олий ўқув юрти битирувчиси, "Milliy liboslar" ва "Nafosat" кўрик-танловларининг вилоят ва республика босқичлари совриндори, миллий либос, "попоп" ҳамда қўл безаклари яъни "биссер" йўналишида Гулистон туманининг Юлдуз маҳалласида ,,Dilrabo Emin” бренди асосида фаолият олиб бораётган тадбиркор Дилрабо Эминжонова 1-ўринга сазовор бўлган бўлса, Гулистон шаҳрида" Difa High Fashion" бренди остида фаолият кўрсатаётган Дилафрўз Аллаёрова эса шогирдлари– Ўзбекистон Республикаси Бадиий академиясига қарашли Сирдарё вилоят ихтисослашган санъат мактаб-интернатининг дизайн йўналиши ўқувчи қизлари билан миллий, Etno ва замонавийлик уйғунлашган авангард услубда яратган либослар тўплами билан 2-ўринни, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти бакалаври, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти магистратура босқичи битирувчиси либослар дизайнери, ҳозир "Mursak” брендининг ёш дизайнери Шоҳсанам Абдураҳмонова миллий адрас матоларимиздан замонавий фасонларда яратилган Etno йўналишдаги либослар тўплами билан 3-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида “Sirdaryoda milliylik trendda” хештеги остида фото-видео материаллар, мақола, постлар, қисқа метражли ижтимоий роликлар, блог ҳамда флешмоблар танлови натижалари ҳам эълон қилиниб, унга кўра Боёвут туманининг “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази 1-ўринга, Сирдарё туман маданият бўлими 2-ўринга, Ховос тумани Оқчангал маҳалласи 3-ўринга муносиб деб топилди.
Танлов ғолибларига мукофотлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари– Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова томонидан топширилди. Ғолибларга қўмитанинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари ҳам тақдим этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири