Музработда шприц ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади
Сурхондарё вилояти Музработ тумани тиббиёт бирлашмасининг уч қаватли болалар бўлими ва интенсив палата биноси ҳамда Янги диёр маҳалласида бир марталик тиббиёт шприци ишлаб чиқарадиган замонавий корхона фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат бўлиб ўтган тантанали маросимларда туман ҳокими Э.Алимов, меҳнат фаҳрийси М. Зоиров ва бошқалар сўнгги йилларда тиббиёт, фармацевтика соҳаларини янада ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор чекка ҳудудларда ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириб, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Фармацевтика саноатининг изчил ривожланаётгани беморларни маҳаллий шараоитда ишлаб чиқарилган арзон, ишончли дори-дармон ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
“Обод марказ” давлат дастури доирасида туман тиббиёт бирлашмасида қад ростлаган уч қаватли 30 ўринли болалар бўлими ва олти ўринга мўлжалланган интенсив палата биносида ҳам соҳа мутахассислари шунингдек, беморлар учун барча замонавий шароит яратилган. Ультратовуш ташхислаш, ЭКГ аппаратлари ўрнатилган. Зарур қулайликларга эга травматология пункти, янги лабаратория-диагностика хоналари барпо этилган.

Янги бинони “ASADULLAYEV FIRDAVS” хусусий корхонаси қурувчилари тез, сифатли бунёд этди. Бунинг учун 11 миллиард 561 миллион сўм маблағ сарфланди. Шу пайтгача мазкур бўлимнинг тиббиёт ходимлари туман шошилинч тиббий хизмат марказида етарли шароитларга эга бўлмаган мослаштирилган хоналарда фаолият юритиб келган. Маълумотларга кўра, айни пайтда чекка туманда юздан ортиқ олий маълумотли шифокор ва 700 дан зиёд ўрта маълумотли ҳамшира ҳамда бошқа ходимлар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Яқин йилларда туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида туман шошилинч тиббий хизмат бўлими учун ҳам янги бино барпо этиш режалаштирилмоқда.

–Шу туманда 67 йилдан буён яшайман, – дейди меҳнат фахрийси Шоймардон Хуррамов. – Ярим асрдан ортиқ вақтда қилинмаган бунёдкорлик ишлари кейинги беш йилда амалга оширилмоқда. Айниқса, кенг, равон йўллар, замонавий тиббиёт, таълим муассасалари, болалар боғчалари, кўп қаватли турар-жой бинолари барпо этилаётганидан, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган янги корхоналар қурилаётганидан шундай обод, фаровон кунларни кўриш насиб қилганига шукрона айтиб яшаяпмиз.

Туманнинг Янги диёр маҳалласида "Алпомиш Сервис Инвест" хусусий корхонаси барпо этган бир марталик шприц ишлаб чиқариш корхонасини қуриб, ишга тушириш учун 48 миллиард 150 миллион сўм маблағ сарфланди. Унинг 38 миллиард 150 миллион сўми тижорат банки кредити ва 10 миллиард сўми тадбиркорнинг ўз маблағидир. Замонавий хориж технологияси билан жиҳозланган янги корхонада 70 кишининг бандлиги таъминланди. Уларнинг 40 нафари “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролардир.

Вилоятда ягона бўлган корхона йилига 200 минг дона
бир марталик шприц маҳсулоти ишлаб чиқаради. Унинг 40 фоизи ички бозорга сотилади. 60 фоизи хорижга экспорт қилинади. Келгусида бу ерда тиббиёт қўлқоплари ва тиббиёт учун суюқлик ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, яна 80 та янги иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлими ва замонавий янги корхонанинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА