Музқаймоқ сифатига ким кафолат беради?
Мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатларидан бири бу унинг табиатидир. Яъни, ўлкамизда баҳор, ёз, куз, қиш фасли навбатма-навбат ҳукмронлик қилади. Уларнинг ҳар бири ўзгача таровати, чиройи ва хусусияти билан ажралиб туради. Бугун биз фасллар ҳақида эмас, балки ёз фаслида кўп истеъмол қилинадиган музқаймоқ ҳақида сўз юритамиз.
Ёз – йилнинг энг иссиқ фасли. Кўпчилик учун севимли бўлган бу фаслда одамлар соя-салқин гўшаларда дам олишни, тоғларга чиқиб ҳордиқ чиқаришни хуш кўришади. Қуёш бобонинг нурлари ер юзини чунонам қиздирадики, барча мавжудот, одамлар ҳам ўзини сояга олади. Бу пайтда салқин ичимликлар, айниқса, музқаймоқнинг савдоси авжига чиқади.
Дарҳақиқат, музқаймоқни хуш кўрмайдиган кишининг ўзи бўлмаса керак. Ҳам мазали, ҳам ҳузурбахш бу маҳсулот болажонларнинг жону дили. Хўш бу маҳсулотни кўп истеъмол қилиш зарарлими? Кўчаларда сотилаётган музқаймоқлар қанчалик сифатли? Биз шу ва шу каби саволларга жавоб излаймиз.
Мутахассисларнинг айтишича, музқаймоқнинг асосий зарари — таркибидаги қанд моддаси. Агар одам соғлом бўлса, яъни совуққа ҳеч қандай қарши кўрсатмаси, дейлик, тиш ёки милк касалликлари бўлмаса, бемалол ейиши мумкин. Шунчаки кунлик меъёрни ошириб юбормаслик керак. Таркибида кўп миқдордаги қанд туфайли музқаймоқ болаларнинг тишига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун бола музқаймоқни егандан сўнг тишларини яхшилаб тозалаб ювиши мақсадга мувофиқ бўлади. Сутга аллергияси бор кишилар эса музқаймоқ истеъмол қилмагани маъқул. Ўзида лактоза ферменти етишмайдиган кишилар музқаймоқни чекланган миқдорда ейиши лозим.

Айримлар музқаймоқ еб шамоллаб қолдим ёки томоғим оғриди, деб шикоят қилишади. Мутахассисларнинг айтишича, музқаймоқ туфайли шамоллаб қолиш эҳтимоли жуда ҳам кам учрар экан.
Музқаймоқ сут маҳсулотидан тайёрланиши сабабли тез ўзгарувчанлик хусусиятига эга. Уни совуқ ҳароратда сақлаш талаб этилади. Музқаймоқ бироз эригач уни қайтадан музлатиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Негаки, бу жараёнда музқаймоқнинг таркиби ўзгаради ва бактерияларни ўзига жалб қилиб олиш хусусияти ортади.
Бугун кўча ва хиёбонлар, аҳоли гавжум жойларда сотилаётган турли шакл ва номдаги музқаймоқлар қанчалик сифатли ёки истеъмолга яроқли, деб ўйлайсиз.
Мазкур савол юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бош мутахассиси Абдураҳмон Исмоилов қуйидаги маълумотларни берди.
– Музқаймоқларни харид қилиш жараёнида фуқаролар маҳсулот солинган идишнинг ички санитар ҳолатига эътиборли бўлиши лозим, – дейди А.Исмоилов. – Чунки ҳудудлардаги барча сифатсиз маҳсулотларга қарши курашишни имкони йўқ. Биргина мисол, бугун Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа барча вилоятларда “Андижон музқаймоғи” кенг тарқалган. Бу музқаймоқнинг юмшоқ ва қаттиқ ҳолатда бўлган икки тури мавжуд. Ҳар бир маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиши учун белгиланган меъёр бор. “Андижон музқаймоғи” қаттиқ музқаймоқ турига киради. Алоҳида таъкидлашим лозимки, кўчаларда сотилаётган “Андижон музқаймоғи”нинг бирортаси савдо ва санитария талабларига жавоб бермайди. Чунки кўчада рухсат этилмаган идишларда сотилаётган музқаймоқлар номаълум шароитда тайёрланган ва муқим сотиш савдо шохобчасига эга эмас. Музқаймоқлар солинган идишлар музлатгич эмас. Шу сабабли ичидаги маҳсулотни етарли даражада салқин ва сифатли тарзда сақлаб бера олмайди.
Кўпчилигига аҳамият берсангиз, музқаймоқ идишига гўёки маҳсулотнинг хавфсизлигига жавоб берадиган сертификат ёпиштириб қўйилган. Мавжуд қонунчиликка кўра, ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотини мажбурий сертификатлаш белгилаб қўйилган. Маҳсулотнинг хавфсизлигига жавоб берадиган Санитария-эпидемиология хулосаси берилиши керак. Лекин бу берилган сертификат кўчада ҳар хил идишларда сотилаётган музқаймоқлар учун эмас ва бу ҳужжатни тўғри келган маҳсулотнинг идишига ёпиштириб қўйиш қонунга зид.
Шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш учун Миллий гвардия, Ички ишлар, Санитария-эпидемиология қўмитаси, Солиқ инспекцияси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан ҳамкорликда рейд тадбирлари ташкил этилмоқда. Мана шундай тадбирлар натижасида ҳудудларда айнан “Андижон музқаймоғи” бренди остида сотилаётган 1 минг 300 килодан зиёд маҳсулот ўрнатилган тартибда йўқ қилинди.
Шу ўринда аҳолига махсус қадоқ ва ёрлиқларга эга, музлатгичларда сақланаётган, барча маълумотлари қадоқда кўрсатилган музқаймоқларни сотиб олишни маслаҳат берамиз. Негаки, сут ва сут маҳсулотлари иссиқ ҳароратда тез ўзгарувчанлик хусусиятини янада оширади. Номаълум шароитда тайёрланган, сифат кўрсаткичлари, санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган маҳсулотлар ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши, заҳарланиш ҳолатини юзага келтириши мумкин.
Маълумот ўрнида, “Андижон музқаймоғи” аслида Андижон шаҳридаги корхонада ишлаб чиқарилади. Корхона янги технологиялар билан таъминланган ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот қадоқланган ҳолда сотувга чиқарилмоқда. “Андижон музқаймоғи” кўплаб хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинади.
Бироқ, минг афсуски сўнгги пайтларда бу маҳсулотнинг “сохта” яъни “қўл бола” нусхалари кўпайган. Бу энди алоҳида мавзу.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА