Музейлар – тарихимиз кўзгуси
Ватанимиз тарихи, халқимизнинг озодлик учун кураш йўли ҳақида аҳолининг билимини оширишда музейларнинг ўрни муҳим.
Ватанимиз тарихи, халқимизнинг озодлик учун кураш йўли ҳақида аҳолининг билимини оширишда музейларнинг ўрни муҳим. Музейлар тарихимизни ўрганишга, кечаги ва бугунги ҳаётни таққослаб, жамиятимиз тараққиёти ҳақида тўғри хулоса чиқаришга хизмат қилади.
Кейинги йилларда Президентимизнинг эътибори билан мамлакатимизда музейларга бўлган муносабат ҳам ўзгарди. 1986 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган Жиззах вилоят ўлкашунослик музейи Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги қарори билан Жиззах вилоят тарихи ва маданияти давлат музейига айлантирилди.
Музей расмий мақомининг ўзгартирилиши фақат янгича номланишигина эмас, аввало унинг маданий маърифий муассаса сифатида мавқеининг ўсиши бўлди. Воҳа тарихи ҳақида 23 минг 286 экспонатга эга музей бугунги кунда вилоятнинг муҳим маданий масканларидан бирига айланди.
Айниқса, халқимизнинг миллий озодлик ҳаракатига бағишланган экспонатлар ва ҳужжатларга музейда кенг ўрин берилгани, қизиқарли эканлиги кўпчиликнинг диққатини тортаётир. Жумладан, 1916 йилги Жиззах қўзғолонига бағишланган кўргазма шу жиҳати билан алоҳида ўрин тутади. Унда ушбу воқеанинг келиб чиқиш сабаблари, қўзғолон бостирилиши, иштирокчиларнинг шафқатсиз жазоланиши акс этган экспонатларга хеч ким бефарқ қарамайди.

Кейинги йилларда музей ҳаётида рўй берган муҳим ўзгариш унинг таркибида учта янги – Шароф Рашидов ёдгорлик музейи, Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи ҳамда Зомин туман тарих музейи филиалларининг қайта ташкил этилгани бўлди.
Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида собиқ ўлкашунослик музейининг Шароф Рашидовга бағишланган бўлими филиалга айлантирилиши билан унинг кўргазмалар майдони кенгайиб, экспонатлар сони ҳам кўпайди. Айни пайтда филиал музей фондида 2 минг 900 га яқин экспонат сақланмоқда.
Янги филиал Шароф Рашидов нафақат мамлакатимиз оғир даврларда оқилона бошқарган доно раҳбар, жаҳон адабиётида муносиб ўринга эга йирик маданият арбоби эканлиги ҳақида тўлиқ тассавур берадиган тўлақонли музейга айлантирилди. Музейда унинг ташкилотчилигида ўтказилган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари иштирокидаги қитъалараро анжуманлар ҳақидаги экспонатларга ҳам кенг ўрин берилган.
Тарихий, маданий меросимиз, улуғ аждодларимиз ибратли ҳаёт йўли билан ёш авлодни янада кенгроқ таништиришда қилинган эзгу ишлардан яна бири халқимизнинг икки улуғ шоири – Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи филиалларининг ташкил этилгани бўлди. Жиззах шаҳридаги она-тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги иқтидорли ўқувчилар ихтисослашган ижод мактаби яқинида жойлашган филиал бугун ёшлар тарбиясига дахлдор маънавий масканлардан бири сифатида фаолият кўрсатаётир.
Давлатимиз раҳбарининг музейлар фаолиятини яхшилашга, бу тарихий-маданий масканларнинг халқимиз ҳаётидаги ўрнига эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Тарихини билмаган авлод бугунги ишларни тўғри баҳоламайди, келажакни аниқ тассаввур этмайди. Шу маънода музейлар тарихимизни, кечаги кунимиз хаққоний акс эттирувчи кўзгудир.

Республикамизнинг бошқа жойлардан, айниқса чет мамлакатлардан келаётган сайёҳлар ҳам юртимиз тарихини ўрганиш, халқимиз ҳаёти билан чуқурроқ танишиш мақсадида албатта музейларимизга киради. Музейлар қанчалик кўп ва бой бўлса, бошқалар ҳам бизни янада яхшироқ билади. Шунинг учун ҳар битта ҳудуднинг ўз музейи бўлиши керак.
Албатта туманларда музейлар бор. Жумладан, мамлакатимиз узоқ ўтмишидаги муҳим тарихий масканлардан бири бўлган Зомин ўлкашунослик музейи фаолият кўрсатаётир. Музей Зомин тарихини ўрганишнинг жонкуяри, қадимшунос, таниқли журналист ва шоир марҳум Саттор Қорабоев ташаббуси ва ҳаракати билан 1993 йил ташкил этилганди.
Кўп йиллар ҳеч қаердан молиялаштирилмай ташаббускорнинг маблағи билан фаолият юритиб келган музей уч йил аввал ҳукумат қарори билан вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи филиалига айлантирилди. Филиал жойлашган бино вилоят маданий-мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси ҳомийлигида капитал таъмирдан чиқарилиши унинг имкониятларини анча кенгайтирди. Айни пайтда филиалда ўлкамиз тарихига оид 4,5 мингдан зиёд экспонат 100 квадрат метр кўргазма майдонида намойиш этилаётир. Бу экспонатлар орасида ўлкамизнинг эрамиздан аввалги маданиятига оид ноёб буюмлар бор.
Тарихий асарларда Буюк Ипак йўли устидаги муҳим қўналғалардан бири бўлганлиги қайд қилинган, Заҳриддин Муҳаммад Бобур ўзининг ўлмас асари «Бобурнома»да тилга олган Зомин туманидаги Пшағар қишлоғида ҳам бундан беш йилча аввал меҳнат фахрийси марҳум Абдуғани Илашев, қишлоқ мактаби ўқитувчиси Абдуғани Маматқулов каби ташаббускорларнинг саъй-ҳаракати билан ўлкашунослик музейи барпо этилганди. Ҳашар йўли билан кўргазма майдони етмиш квадрат метрдан зиёдроқ музей биноси қурилиб, унга ҳудуддаги археологик қазиш ишлари давомида топилган, айрим хонадонларда сақланб келинаётган тарихий аҳамиятга эга сапол, чинни, темир буюмлар, китоблар жами 500 дан зиёд экспонатлар қўйилди.
Музейи экспонатлари орасида III, V, VIII асрларга оид сапол идишлар, буюмлар, мис ва кумуш тангалар, ҳарбий қуролларнинг қисмлари, дехқончилик асбоблари, остодонлар, сув тегирон тоши, тошбосма китоблар, безак, ҳунармандчилик буюмлари бор. Экспонатлар вилоят музейи мутахассислари, қишлоқда илмий изланиш олиб бораётган Яхё Ғуломов номли республика археология институти етакчи илмий ходими Александр Грецина ва қишлоқ мактабининг тарих ўқитувчилари ёрдамида таснифланиб, хронологик тартибда жойлаштирилган.
Энди Зоминга бошқа вилоятлардан ва хориждан келаётган сайёҳлар учун Пшағарда ҳам кўришга арзирли жой бор. Қишлоққа сайёҳлик оқимининг кўпайиши билан уларга хизмат кўрсатиш инфратизими яратиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Айни пайтда қишлоқда сайёҳларни кутишга мўлжаллаб барпо этилган меҳмон уйлари фаолият кўрсатаётир.
Бироқ давлат рўйҳатидан ўтмагани учун ҳеч қайси идоранинг ҳисобида йўқ, хеч қайси манбадан молиялаштирилмаётгани учун музейда штатли ходим ҳам йўқлиги жиддий муаммо бўлаётир. У руйҳатдан ўтказилиши учун музейлар тўғрисидаги низом талабларига жавоб бермас экан.
Аҳоли ташаббуси билан барпо этилган бироқ музей тўғрисидаги низомнинг баъзи бандлари талабларига жавоб бермаслиги туфайли тугатилган, фаолият кўрсата олмаётган бундай муассасалар бошқа туман ва қишлоқларда ҳам бор. Масалан, Ғаллаорол тумани марказида фахрий журналист Абдуҳамид Сарибоев ташаббускорлигида барпо этилиб, анча йиллар фаолият кўрсатган ўлкашунослик музейи тақдири аянчли кечди. Музей фаолияти тўҳтатилиб, биноси бузиб юборилди.
Бахмал, Фориш туманларида ҳам ана шундай рўйхатдан ўтолмаган, ташаббускорларнинг кўмагида фаолият кўрсатаётган музейлар бор.
– Бундай маҳаллий музейлар ҳар бир жойнинг ўзига хос тарихи, шу ҳудудга хос бўлган табиати, шу ерда етишиб чиққан буюк шахслари билан аҳолини, айниқса ўсиб келаётган ёш авлодни таништиришдан ташқари сайёҳларни жалб этишда катта аҳамиятга эга, – дейди вилоят туризимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Лола Санаева. – Айниқса сайёҳлар кўп келадиган Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Фориш каби мамлакатимиз қадим тарихида муҳим ўрин тутган ҳудудларда музейлар бўлиши сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади. Бу ҳудудлардаги тарихий масканларда ташаббускорлар томонидан барпо этилган музейларни сақлаб қолиш, уларнинг фаолиятини яхшилаш учун йўлларини топиш керак.
Фақат иқтисодий жиҳат ҳисобга олинса, музей ўзини ўзи қопламаслиги балки тўғридир. Бироқ музейнинг маънавиятимиздаги ўрни ҳисобга олинса, одамларнинг ташаббуси, ҳашари билан барпо этилган бу муассасаларнинг фаолиятини таъминлаш учун пул топиш катта муаммо эмас.