Мутахассислар учун малака ошириш курси
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Навоий вилоят филиали ҳамда Навоий давлат педагогика институти ҳамкорлигида туман (шаҳар) ҳокимликларининг 6 та йўналиш бўйича мутахассислари учун қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилди.
Малака ошириш курсларидан кўзланган мақсад ҳокимлик мутахассисларининг соҳавий йўналишлар бўйича билим, малака ва кўникмаларини ривожлантиришдир.
Ўқув курслари дастурини шакллантиришда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил ноябр ойида Навоий вилоятига ташрифи давомида белгиланган топшириқларига мувофиқ туман (шаҳар) ҳокимликлари ходимларини “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлашга ўргатиш, шунингдек, уларнинг соҳа бўйича таянч билим ҳамда бошқарув кўникмаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дастлаб тингловчилар учун “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти”, “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясининг устувор йўналишлари”, “Маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизимнинг мазмун-моҳияти ва “маҳалла еттилиги”ни жорий этишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари олдида турган асосий вазифалар” каби мавзуларда маърузалар ташкил этилди.
Ўқув курсидаги 18 соатлик дарс машғулотларининг 75 фоизи тингловчиларнинг тегишли соҳалар бўйича билимларини чуқурлаштиришга, 25 фоизи уларнинг бошқарув кўникмаларини ривожлантиришни назарда тутади.

– Бизнинг йўналишдаги машғулотлар “Қишлоқ хўжалигида ер ислоҳоти, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси”, “E-auksion, деҳқон хўжаликларига ер бериш”, “Қишлоқ хўжалиги соҳасида субсидиялар бериш тартиби”, “Экин ерларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш” каби долзарб мавзуларда бўлиб ўтди, – дейди Кармана тумани ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича етакчи мутахассиси Фурқат Худойбердиев. – Машғулотлар давомида тингловчилар томонидан “Сайхунобод тажрибаси” асосида ҳудудларда томорқадан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилиб, бу борада эътибор қаратиладиган жиҳатлар юзасидан тажриба алмашинилди. Албатта, бу каби тренинглар ходимларнинг билим салоҳиятини, малака ва билим тажрибасини оширишда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга келгусидаги фаолияти натижадорлигига хизмат қилади.

Ҳар бир йўналиш бўйича икки кун давом этган ўқув курслари якунлари бўйича тингловчиларнинг олган билим ва кўникмалари юзасидан тест синовлари ўтказилмоқда.
Курсни муваффақиятли якунлаган барча иштирокчиларга сертификатлар топширилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири