Мутахассислар ғўза парваришини кўздан кечирди
Аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги билан яқиндан танишиш мақсадида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Сирдарё вилояти Сирдарё тумани ҳудудида жойлашган “Пенг Шенг” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасининг пахта дала майдонида бўлди.
Олтмиш етти гектарли ер майдонида томчилатиб суғориш орқали 34 гектарида қўш қатор ҳамда қолган қисмида оддий якка қатор усулида хорижий пахта нави экилган. Шу билан бирга, 3 минг гектар ерда хитой технологияси асосида маҳаллий нав етиштирилмоқда.

Шунингдек, Иброҳим Абдураҳмонов Сардоба туманида жойлашган “Индорама агро” хорижий корхонаси пахта даласида олиб борилаётган агротехник тадбирлар билан ҳам танишди. Айни вақтда 608 гектар майдонда ғўзанинг хорижий “Чжун Таи 2” нави парваришланмоқда. Эътиборли жиҳати, бу жараёнларда хитойлик агрономлар ва олимлар ҳам иштирок этмоқда.


Хориж мутахассислари билан суҳбат чоғида вегетация даврида алоҳида назорат олиб бориш, уларнинг апробациясини тўғри ва ўз муддатида ўтказиш каби жиҳатлар юзасидан фикр билдирилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.