Мустақилликнинг энг катта кучи ва таянчи бўлган бутун халқимизга миннатдорлик билдирилди
Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтмоқда.
Президентимиз мустақилликнинг куч-қудрати маданият, санъат ва спортни ривожлантириш йўлида хизмат қилаётган инсонларнинг маҳоратида, ислоҳотлар ижросини ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадонга етказаётган давлат хизматчиларининг меҳнатида ҳам намоён бўлишини таъкидлади.
Жойларда одамларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштираётган нуронийлар ва маҳалла фаоллари, халқ осойишталиги ҳамда Ватан тинчлигини таъминлаётган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг жасорати алоҳида қайд этилди.
– Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси, бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Фидойи ва бунёдкор ватандошларимиз, мустақилликнинг энг катта кучи ва таянчи бўлган бутун халқимизга чуқур миннатдорлик билдирилди.
Президентимиз инсон қадри улуғланган, адолат ва тараққиётга таянган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан халқ билан биргаликда дадил борилаётганини таъкидлади.
ЎзА