Мустақилликнинг 35 йили: тараққиёт ва ислоҳотлар (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университетида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йили: тараққиёт, ислоҳотлар ва Янги Ўзбекистон стратегияси” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни муносиб нишонлашга қаратилган қарори ижроси доирасида, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” эзгу ғояси асосида ташкил этилди. Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Мудофаа вазирлиги вакиллари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди. Тадбир давомида мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан маърузалар тингланди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, Марказий Осиёдаги ҳамкорлик, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва “яшил иқтисодиёт”ни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳарбий соҳадаги ислоҳотларга бағишланган маърузада эса миллий армиянинг жанговар салоҳиятини ошириш, замонавий ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Конференция якунида давлат хавфсизлиги, жамоат барқарорлиги, иқтисодий тараққиёт ва ёшлар тарбиясини янада такомиллаштиришга қаратилган илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадбир якунида конференцияда фаол иштирок этган маърузачилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Муҳайё Турдалиева, Искандар Исматов, ЎзА